§1.2. Технология фани бўйича давлат таълим стандарти ҳамда ўқув дастурларининг асосий йўналишлари ва уларнинг таҳлили
Маълумки, Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, ўзбеклар жаҳондаги энг қадимий халқлар сирасига кириб, улар жаҳон фани, илмий-маърифий ва маданий ривожланишга бебаҳо ҳисса қўшганлар.
Зардуштийлик динининг муқаддас китоби кўҳна ёзма ёдгорлигимиз бўлган «Авестода Ўрта Осиё ҳамда Яқин ва Ўрта Шарқ халқларининг энг қадимги (эрамиздан аввалги II минг йилликнинг охиридан I минг йилликнинг кейинги асрларигача бўлган) даврдаги тарихи, ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, турмуши, урф-одатлари, диний-эътиқоди, халқ ҳунармандчилиги, касб-кори, қўшни халқлари билан ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий муносабатлари ёритилган. «Авестода болаларни ахлоқий, диний тарбиялашдан ташқари, уларни ўқитиш, илм-маърифат эгаси қилиб тарбиялаш ва ҳунармадчиликнинг сир-синоатларини ўргатиш ҳам таъкидланган.
Чингизхон истилоси даврида Ўрта Осиёда илм-фан ва маданиятнинг ривожланиши юз йиллар ортда қолган бўлса-да, Темурийлар даврига келиб илм-фан ва таълим бериш соҳалари юқори чўққиларга чиқди. Бунга мисол қилиб ана шу даврнинг ёрқин намоёндалари бўлган Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Бобур каби алломаларимизни кўрсатиш мумкин. Ана шу даврларда ҳам болаларни ўқитиш ва уларга таълим-тарбия бериш учун маълум дастурлар, услуб ва йўриқномалар яратилган [162].
1999 йил 16 августда ВМ томонидан умумтаълим мактабларида ўқитиладиган фанлар, шу жумладан, технология (меҳнат таълими) ўқув фани бўйича ҳам ДТС қабул қилинди. 2006, 2010 йилларда бу стандартлар янги таҳрирда фойдаланишга киритилди [165, 198, 209].
Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида» ги қонунида [8] мамлакатимиздаги таълим муассасаларида ўқитиш жараёнини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, умумий ўрта таълим мактабларидаги технология фанини ўқитиш жараёнига янгича ёндошиш, дарс самардорлигини оширишга эътибор қаратилган. Ўқувчиларни меҳнатга тайёрлаш жараёнида касб-ҳунарга йўналтиришни янада кучайтириш, уларни замонавий ишлаб чиқариш асослари ёғочга, металлга ва газламага ишлов бериш технологияси, пазандачилик ва қишлоқ хўжалиги асослари, бадиий меҳнат технологияси ва машина элементлари йўналишлари бўйича билим, кўникма ва малакаларни эгаллашлари кўзда тутилган. Технология фанини ўқитиш жараёнига янгича ёндашиш, дарс самарадорлигини ошириш мақсадида технология фани йўналишида Давлат таълим стандарти асосида тузилган ўқув дастурлари ишлаб чиқилган. Умумий ўрта таълим мактабларининг ўқув режасида технология ўқув фанига 5-7-синфларда ҳафтасига 2 соатдан, 8-9-синфларда эса 1 соатдан вақт ажратилган [209, 12-б.]. Мавзулар ўқувчиларнинг ёши, қобилияти, истеъдоди, қизиқишлари, зеҳни, уқуви, билим даражаси ва бошқа психологик, физиологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўрганиб чиқилиши лозим.
Тавсия этилган ўқув дастурлари ичидаги мавзуларни ўқувчиларнинг
ёши, билим даражалари ва бошқа психологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда таҳлил қиладиган бўлсак, ажратилган вақт давомида мавзуларнинг тақсимланишида муаммолар кўзга ташланади. Маълумотларни қабул қилиши даражасини ҳисобга олган ҳолда йўналишлар бўйича бериладиган баъзи мавзулар ўқувчиларни толиқтиради. Берилган айрим мавзулар ҳажми ўқувчилар билими қамровига нисбатан кўп. Ўқув дастурини 5-синф мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур дастурда айрим мураккаб мавзулар танланган. Масалан, Газламаларга ишлов бериш технологияси йўналишининг «Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси» бўлимида «Бичиш ва тикиш ҳақида маълумот, гавдадан ўлчов олиш, масштабли линейка, фартук ва рўмол чизмасини чизиш» мавзулари берилган бўлиб, уларни ўрганишга 2 соатдан вақт ажратилган. Юқорида кўрсатиб ўтилган мавзулар 5-синф ўқувчилари учун мураккаблик қилади. Сабаби улар чизмачилик фани ва материалшуносликдан ҳали етарли билимга эга эмаслиги учун юқоридаги мавзуларни ўзлаштиришлари қийин бўлади. Юқоридаги мавзуларни ўзлаштириш учун берилган соат миқдори камлик қилади. Бундан ташқари буюмни конструкциялаш ва моделлаш учун ҳам ажратилган соат камлик қилади. Сабаби, ўқувчилар чизмачилик элементларига оид билим ва кўникмаларга эга бўлмаганликлари учун конструкциялаш элементларини ўзлаштириш қийинчилик туғдиради. Масалан, Газламаларга ишлов бериш технологияси йўналиши дастурида «Фартук конструкциясини тузиш ва моделлаш» мавзусида ҳам чизиқ турлари, ҳам буюмларни масштаб бўйича катталаштириш ва кичрайтириш, ҳам буюм деталларини симметрик ва ассимметрик жойлаштириш каби билим ва кўникмаларига эга бўлишлари лозим. Бунинг учун эса кўпроқ ўқув соатлари ажратилиши лозим. Бундай камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмаса ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам бир қанча қийинчиликлар юзага келади.
Технология фани бўйича ДТС, ўқув дастуридаги айрим муаммолар ва уларни бартараф этиш ҳақида. Давлатимизда таълим-тарбия тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар секин-аста ўз самарасини бермоқда. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури асосида таълимни босқичма-босқич ислоҳ қилиш жараёнида ютуқлар билан бир қаторида айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланмоқда. Буни меъёрий ҳужжат сифатида тузилган Давлат таълим стандартлари мисолида ҳам кузатишимиз мумкин. Стандартдаги технология фани ўқув дастурини таҳлил қилиб чиқиб юқоридаги хулосага келдик. 1999 йилда тузилган Давлат таълими стандартини таълим тизимида қўлланилганда бир қанча муаммолар юзага келди. Педагоглар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида 2006, 2010 йилларда янги таҳрирдаги стандарт жорий қилинди. Янги таҳрирдаги ДТС асосида тузилган ўқув дастурлари, олдинги стандартдаги ўқув дастурларига нисбатан анча кенгайтирилган, аммо бу камчиликлардан ҳоли дегани эмас [123; 14-15-б.]. Масалан, 5-синф бўйича ўқув дастурларини ўрганиб чиқилганда айрим камчиликлар борлиги аниқланди. Буни, хусусан, 5-синфда Газламаларга ишлов бериш технологияси йўналиши ўқув дастури бўйича таҳлил қилиб кўрсак.
1. Материалшунослик бўлимини ўрганишга 4 соат берилган бўлиб, бунда ўқувчиларга биринчи машғулотда хавфсизлик техникаси қоидалари, санитария-гигиена талаблари ўргатилади. Табиий толали газламлардан пахта ва зиғир толаларидан тўқилган газламалар, уларнинг хусусиятлари ҳақида маълумотлар берилади. 2-машғулотда эса саржа (полотно) тўқиш, газламаларнинг ўнг ва тескари томонларини, бўйлама ва кўндаланг ипларини аниқлаш бўйича амалий ишлар бажарилади. Умуман олганда ўқувчиларга 4 соат мобайнида газламалар ҳақида етарли маълумот бериш мумкин.
2. Асбоб-ускуналар, мосламалар ва улардан фойдаланиш бўлимини ўрганишга 4 соат вақт ажратилган бўлиб, бунда ўқувчиларга қўл ишлари ва уларни бажаришда ишлатиладиган асбоб-ускуналар ҳақида умумий маълумот берилади, 3-назорат иши ўтказилади. Кейинги машғулот амалий машғулот бўлиб, бунда ўқувчилар қўл чокларидан намуналар ва ушлагич тайёрлаш ишлари балан шуғулланадилар. Шу билан бирга дазмол билан ишлаш ва дазмоллаш ишларини ҳам ўрганишлари кўзда тутилган. Бироқ, тажриблар-нинг кўрсатишича, бунда ўқувчиларни дазмоллаш ишларини пухта ўрганиш-лари учун вақт етмайди, бу ишни уйга вазифа қилиб бериш ҳам маъқул эмас. Умуман олганда бу дарсларда ўқувчиларга газламаларга ишлов бериш жараёнида қўлланиладиган асбоб-усуналарни, мосламаларни тузилиши, ишлатилиши ҳақида маълумотлар берилади. Бундан ташқари ўқувчиларга иш ўрнини ташкиллаш, меҳнат хавфсизлиги ва санитария-гигиена қоидалари риоя қилиш ишлари ҳам ўргатилади. Бунга ажратилган вақт мобайнида юқоридаги маълумотларни беришга улгуриш мумкин.