Педагогик такт ва техника, биринчидан, ўқувчилар шахсига ҳурмат ва уларга нисбатан талабчанлик, иккинчидан, ўқувчиларга нисбатан сезгирлик ва меҳрибонлик, учинчидан, ўқувчиларга ишонч ва айни вақтда фаолиятини мунтазам равишда назорат қилиб боришдир. Педагогни ўқувчиларнинг ўзлаштиришини баҳолаш ишларида, фикр-мулоҳазалар билдиришида ҳамда тарбияланувчиларнинг ўзлаштириши ва хулқи хусусида хулосалар чиқариб, бир қарорга келишида педагогик такт ва техника билан шошма-шошарлик бир-бирига зид нарсалардир. Ўқувчилар педагогик тактни жуда қардрлайдилар, ҳар бир ўқувчи илтифот билан қилинган муомалани, тасодифий хатони ғаразли ниятдан, атайлаб онгли равишда қилинган ишдан, ҳақиқатни ёлғондан ўзига хос сезгирлик билан фарқ қила олади.
Педагогнинг сабр-тоқатли бўлиши, ўзини тута олиши ўқувчиларга нисбатан талабчанликни сусайтириш дегани эмас. Ўқувчиларда яхши одатларни таркиб топтириш комил инсонни тарбияланишнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Одатларда ахлоқий қиёфа, ички маданият, биринчи навбатда, теварак-атрофдагиларга бўлган муносабатда намоён бўлади. Бунда шахсий намуна ўқувчиларни тарбиялашнинг муҳим омилидир. Педагогнинг обрўси, аввало унинг ғоявий-сиёсий, педагогик тайёргарлиги билан, ишлаб чиқариш малакаси даражаси, тажрибаси, махсус техник ва методик билимлари, педагогик такт ва техникаси, ўқувчилар жамоасини уюштира олиш қобилияти билан белгиланади. Обрў-эътибор қозонишда биринчи дарсларнинг, педагогнинг ўқувчилар билан дастлабки учрашувларининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Биринчи дарсларнинг қизиқарли ўтиши учун пухта тайёргарлик кўриш жуда муҳим. Кўпчилик ҳолларда ўқитувчи биринчи дарслардан кейинроқ ўқувчиларнинг обрў-эътиборини қозонади, лекин баъзан ўқувчиларда ўқитувчини яхшироқ билиб олганлари сари унга нисбатан ҳурмат-эътибори орта боради.
Технология фани машғулотларида педагогларни ёш авлодга таълим ва
тарбия бериш борасида жамият олдидаги масъулияти ортиб бормоқда. Педагог ишлаб чиқариш тажрибалари, замонавий техника ва технология ютуқлари билан мунтазам равишда танишиб бориши лозим, акс ҳолда янги техникани эгаллашга қодир ёш малакали кадрларни тайёрлай олмайди. Илғор корхоналарда педагоглар иш объектларини ва замонавий технологик жараёнларни ўрганадилар. Педагог ўз маҳоратини такомиллаштириш учун ўқувчилар томонидан бажарилиши зарур бўлган ишларни ёки унинг айрим қисмларини намуна сифатида ўзи амалда мунтазам равишда бажариб кўрсатиши керак. Бундай ишларни бажариш педагогга ўз малакасини яхшилаш, вақт меъёри ва иш технологиясини амалда синаб кўриш, технологик жараёнга ўз вақтида ўзгартиришлар киритиш, ўқувчилар ишида йўл қўйилиши эҳтимол тутилган хатоларнинг олдини олиш имконини беради. Педагог ўз меҳнати жараёнини ва унинг натижасини муттасил ҳамда тизимли такомиллаштириш мақсадида: мавжуд билимлардан самарали фойдалана олиши; муайян мақсадни кўзлаган ҳолда тизимли тарзда режа асосида мустақил равишда билим ола билиши; юксак нутқ маданиятига эга бўлиши;
ўқув ахборотлари оқимидан энг асосийлари ва муҳимларини ажрата олиши;
педагогик фаолиятининг мақсад ҳамда вазифаларини аниқ ва равшан қилиб белгилаб олиши; оқилона усуллар, ўқувчилар таълим ҳамда тарбиясига қўйилган мақсад, вазифаларнинг самарали бўлиши учун зарур усул ҳамда техник воситаларни танлай билиши лозим. Шунингдек:
илмий жиҳатдан асосланган иш режаларини туза олиши;
ўз фаолиятининг келажагини ишлаб чиқа олиши;
шароитнинг ўзгариши муносабати билан зарурат туғилган пайтларда режага тузатишлар кирита олиши;
меҳнатни меъёрлай олиши;
мезон ва талабларни ишлаб чиқиш ва уларни такомиллаштира олиши;
ҳисобга олиш, назорат ва ўз-ўзини назорат қилиш тизимини амалга оширишни билиши;
ўқувчиларга таъсир кўрсата олиш, уларда фаолликка қизиқиш уйғота олиш, ўқувчиларга йўл-йўриқлар бера олиш, уларда ишлаш, ўқиш, дам олиш ва бошқа кўникмаларни ҳосил қила олиши;
жамоа билан оқилона ҳамда самарали ишлай олиши;
меҳнат қилиш ва дам олиш шароитларини такомиллаштириб, улардан рационал фойдалана олиши лозим.
Маълумки, технология фани дарсларида ўқувчиларнинг амалий ишларини, шу жумладан ижодий фаолиятини ташкил этиш бевосита ўқитувчининг шу соҳага оид билими ва педагогик маҳоратига боғлиқдир. Шу сабабли Технологик таълим таълим йўналишида таҳсил олётган талабалар учун «Технология фанини ўқитишда инновацион педагогик технологиялар» деб номланувчи танлов курс ташкил этиб, бир неча йилдан бери шу соҳада иш олиб бордик [114; 160-161-б.]. Мазкур курс учун 34 соат вақт ажратилган бўлиб, бундан 18 соатида маъруза, 16 соатида эса амалий машғулот ўтилади. Бунда талабаларга умумий педагогика, педагогик маҳорат, педагогик техника, технология ўқитиш методикаси каби фанларда таълим технологияларидан фойдаланиш бўйича умумий ҳолда берилган тушунчалар янада кенгайтирилади, тўлдирилади, мустаҳкамланади ва хусусий ҳолга келтирилади. Бунинг учун аввало мазкур танлов курс бўйича намунавий ва ишчи режа тузилди, сўнгра муаммоли маруза матнлари ва услубий қўлланма тайёрланди [119, 147]. «Технология фанини ўқитишда инновацион педагогик технологиялар» танлов курсини ўрганишга оид ишчи дастур қуйидаги мазмунда тузилди:
1. Маъруза машғулoтлари. Кириш, «Технология фанини ўқитишда
инновацион педагогик технологиялар» танлов курсини ўрганишни ташкил
этиш ва ўқитишдан кўзланган мақсад ва вазифалар. Педагогик технология
ҳақида умумий тушунча, уни юзага келиши. Педагогик технология таърифлари. Янги педагогик технологиялардан фойдаланишга оид айрим адабиётлар тавсифи. Педагогик технологиянинг кўринишлари ва асосий йўналишлари. Педагогик технология тамойиллари ва мезонлари. Технология фани дарсларида янги педагогик технологиялардан фойдаланиш масалалари. Кириш дарсларини ўтказишда қўлланиладиган педагогик технологиялар. Янги билимлар бериш, меҳнат кўникмаларини шакллантириш дарсларида қўлланиладиган педагогик технологиялар. Такрорлаш ва мустаҳкамлаш дарсларида қўлланиладиган педагогик технологиялар. Синов дарсларида қўлланиладиган педагогик технологиялар.
2. Амалий машғулoтлар. Педагогик технология тушунчасининг юзага келиш тарихи ва унга оид таърифлар билан танишиш. Технология фанига оид кириш дарсларини ташкил этишда қўлланиладиган педагогик технологияларни ўрганиш. Янги билимлар бериш, меҳнат кўникмаларини шакллантириш дарсларини ташкил этишда қўлланиладиган педагогик технологияларни ўрганиш. Такрорлаш ва мустаҳкамлаш дарсларини ташкил этишда қўлланиладиган педагогик технологияларни ўрганиш. Синов дарсларини ташкил этишда қўлланиладиган педагогик технологияларни ўрганиш.
Мазкур курсни ўрганиш самарадорлигини аниқлаш мақсадида институтда таҳсил олаётган технологик таълим таълим йўналиши 301-гуруҳ талабалари тажриба гуруҳи, 302-гуруҳ талабалари эса назорат гуруҳи сифатида танлаб олинди. Ўтказилган тажрибаларда мазкур танлов курси ўтилган гуруҳларда бу тушунча ва маълумотларни талабаларнинг ўзлаштириши ҳамда амалда қўллаши юқори даражада бўлганлиги кузатилди. Олинган натижалар 1.1-жадвалда акс этган. Жадвалдаги маълумотлардан кўринадики, «Технология фанини ўқитишда инновацион педагогик технологиялар» танлов курсини ўрганиш бўйича тажриба гуруҳларида олиб борилаётган ишлар яхши самара бермоқда. Шу сабабли бу ишларни янада кенгайтириш, иложи бўлса мазкур курсни «Технологик таълим» таълим йўналиши ўқув режасининг 4-блокига тегишли бўлган махсус фанлар қаторига киритиш зарур, деб ҳисоблаймиз.