Всего за 260 руб. Купить полную версию
Ўқувчилар технология фани машғулотлари давомида ўзлари яратган буюмларни кўриб қувонади, ёнидаги ўртоқлари ясаган буюмлар билан таққослайди, ютуғидан мағрурланади, камчилиги бўлса тўғрилайди. Бу эса ўқувчиларни мустақил шахс камолотига илк қадамлари бўлади. Бошланғич, яъни 1-4-синфларда технология фани машғулотларида ўқувчилар оддий қоғоз, елим, пластилин, сомон парчалари, ўсимлик мевалари уруғлари, данаклар ва уларнинг пўчоқлари (ёнғоқ, бодом, ўрик шафтоли данаги, қовун, тарвуз уруғи ва ҳ.), тухумлардан фойланиб турли хил буюмлар ясайди.
Бошланғич синфдан 5-синфга ўтгач эса технология фанидаги машғулотлар мураккаблашади, яъни турли материалларга ишлов бериш йўли билан буюмлар ясалади. Масалан, ёғочга, пластмассага, металлга, газламага ишлов бериш технологиясини, қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов бериш ва таом тайёрлаш ишларини ҳам ўрганадилар. Булардан ташқари миллий ҳунармандчилигимизнинг ҳам нозик сир-асрорларини ўрганиб борадилар.
Бошланғич синфдан 5-синфга ўтган ўқувчилар анча қизиқувчан, интилувчан бўладилар. Аммо улар бошланғич синфларда кўп ҳолларда ўқитувчи фикрига тобе ҳолда билим олганликлари учун ҳамма вақт ҳам ўз фикрларини аниқ билдира олмайди. Шунинг учун ўқитувчилар жамоаси мана шу 5-синф ўқувчиларига катта эътибор қаратишлари, таълим бериш жараёнида илғор педагогик усуллардан фойдаланган ҳолда уларни мустақил фикрлашга ўргатишлари лозим. Айниқса технология фани машғулотларида бунга алоҳида эътибор қаратилиши лозим.
Ўқувчилар технология фани машғулотларида материалларга ишлов бериш жараёнида буюмларни лойиҳалаш, конструкциялаш, моделлаштириш ишларини бажарадилар. Бундай вазиятларда ўқувчилардан мустақил фикрлаш, мустақил ишлай олиш, ижодкорлик талаб қилинади. Ўқувчилар ўзлари яратаётган буюмларни кундалик ҳаётдаги ўрни, аҳамияти, яратишдан мақсади, уни такомиллаштириш масалалари юзасидан ҳам мустақил фикр юрита олишлари лозим. Мана шу 5-синф ўқувчиларида мустақил фикрлаш, ўз қобилиятларини имкон даражасида намоён этиш меҳнатга ижодий ёндошиш, яратувчанлик кўникма ва малакалари шакллантирилса, кейинги синфларда ижодий ишларда учрайдиган муаммоларни осонгина бартараф эта оладилар. Ўқувчилар юқори синфларда мураккаб буюмларни лойиҳалашда, моделлашда 5-7-синфларда олган билим, кўникма ва малакалари ёрдамида мустақил ижод қила одилар. Бу эса бозор иқтисодиёти даврида ишлаб чиқаришнинг асосий талаби эканлигини англатади.
Мамлакатимиз давлат мустақиллигига эришган дастлабки даврданоқ жаҳон цивилизацияси тараққиётида муҳим аҳамиятга эга бўлган миллий маънавиятимиз асосида келажаги буюк давлат барпо этиш бош мақсад қилиб белгиланди. Буюк мақсадга эришишда асосий эътиборни ёш авлодни баркамол, маънавий ва жисмонан соғлом, юқори малакали касб эгаси қилиб тарбиялашга қаратилгани эса миллий менталитетимизнинг, миллий анъаналаримизнинг ўзига хос тарзда ифодаланишидир. Ҳозирги пайтда меҳнат бозорининг ривожланиши ва реал ижтимоий-иқтисодий шароитларни ҳисобга олган ҳолда аниқликлар киритиш зарурати ҳам юзага келди. Биз ушбу заруратнинг намоён бўлиш ҳолатларини умумий ўрта таълим мисолида ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни алоҳида қайд этишни ўринли деб топдик:
умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларини касбга йўналтиришни педагогик-психологик ташхис қилиш ишларининг етарли илмий методик асослари ишлаб чиқилмагани ва татбиқ этилмагани;
педагогик ва ахборот технологияларини таълим тизими амалиётига жорий этишнинг умумий назарий асослари яратилгани ҳолда уларни педагогик амалиётга татбиқ этишнинг илмий-методик асослари ишлаб чиқилмагани;
етарлича касбий йўналтирилганликка, юқори мукаммалликка эга бўлмаган педагогик жараён маҳсули сифатида етишиб чиқаётган таълим муассасалари битирувчиларининг мутахассис сифатида мустақил ва ижодий ишлаш даражасига эриша олмаётгани.
Мазкур камчиликларни бартараф этилиши кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг кейинги босқичлардаги ишларни муваффақиятли амалга ошириш учун замин яратади. Шунингдек, таҳлил этилган муаммонинг долзарблиги шундан иборатки, миллий дастурни амалга оширишнинг иккинчи босқичида мажбурий умумий, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими ҳамда ўқувчиларнинг қобилият ва имкониятларига қараб табақалаштирилган таълимга ўтиш зарурлиги аниқ белгилаб берилган. Таълим муассасалари махсус тайёрланган малакали педагог кадрлар билан тўлдирилиб, уларнинг фаолиятида рақобатга асосланган муҳитни вужудга келтириш кўзда тутилган. Бироқ бу вазифаларни амалга оширишнинг илмий-назарий асослари етарлича ишлаб чиқилмаганини ҳам айтиш жоиз. Мазкур муаммоларни ҳал қилишда умумий ўрта таълимни амалга оширишнинг махсус педагогик технологияла-рини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Ватанимиз ва ҳорижий давлатларнинг олимлари бу борада маълум илмий тадқиқот ишларини амалга оширганлар. Бугунги кунда бундай тадқиқотлар қамрови кенгайиб, жумладан, технология фанида педагогик технологияларни қўллаш борасидаги тадқиқотларда бир бутун, якдил қарашлар пайдо бўлмоқда [87; 4-8-б.; 90; 138-140-б.]. Мазкур муаммо бўйича адабиётларни, диссертацияларни ўрганар эканмиз, таълим-тарбия ишлари жараёнида ўқувчиларда ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш масалалари деярли юз йилдан бери муҳим педагогик муаммолардан бири сифатида ўрганиб келинаётганлигини кўришимиз мумкин. Айниқса, 195060 йилларда америкалик олимлар томонидан мазкур масала кенг ўрганилган. Жумладан Д. Ж.Гилфорд [49, 229], П. Торренс [231], М. Воллач ва Р. Коган [232] ҳамда бошқалар томонидан ўқувчиларда ижодкорлик қобилиятларини ривожлантириш бўйича айрим назариялар яратилган эди. Ўқувчиларнинг ижодкорлик қобилиятлари бўйича олиб борилган тадқиқотлар натажасида ўтган асрнинг 60-йилларида америкалик тадқиқотчилар шундай хулосага келадилар: ижодий қобилиятлар таълим олишдаги қобилиятларга ўхшамайди, яъни синоним эмас. Шу билан бирга таълим олишдаги қобилият ва ижодий қобилиятни инсоннинг умумий ақлий салоҳияти билан боғлиқлиги ҳам бир хил эмас. Бундан келиб чиққан ҳолда Гилфорд ижодкорлик қобилиятини универсал қобилият сифатида қарайди ва уни креатив деган ном билан атайди. Гилфорд инсоннинг ижодий фикрлаш жараёнини иккита типга ажратади:
Конвергент фикрлаш (тафаккур қилиш). Бу фаолият турида масала моҳиятини изчил, мантиқий ўрганиш орқали ягона ечим топилади.
Дивергент фикрлаш (тафаккур қилиш). Бу фаолият турида масалага бир неча муқобил ечимлар, кутилмаган ҳолатлар, ички ҳиссиёт асосида ечим топилади [49; 67-б.]
Америкалик яна бир тадқиқотчи Поль Торренс эса ижодкорликни етишмовчиликларни бартараф этиш воситаси сифатида қарайди ва ижодкорикнинг қуйидаги босқичларини кўрсатади: муаммони тушуниш, англаш; муаммога ечим излаш; муаммо ечиминини топишга қаратилган ғояни яратиш ва ифодалаш; ғояни мослаштириш; натижани топиш [231; 151-б.]. Жоржия университети (АҚШ) профессори Марк Ранко ижодкорлик ҳақида фикр юритиб, ижодкорликни иккита йўналишга бўлиб кўрсатади: санъаткорлик бўйича ва ишлаб чиқариш-ясаш бўйича (Runco 2008, 2). Унинг таъкидлашича, ижодкорликнинг санъат бўйича кўриниш тури шуни тасдиқлайдики, ижодкорлик санъаткорлар фаолиятининг жуда катта қисмини ташкил этади. Буларга мисол тариқасида рассомлар, ҳайкалтарошлар, сураткашлар, раққосалар ва бастакорларни айтиш мумкин. Санъаткорлар одатда ижодкорликни ўзларининг санъаткорона намойишлари орқали, яъни, расм чизиш, ҳайкал ясаш, суратлар ёки саҳна кўринишлари мисолида кўрсатишади. Шунингдек, ижодкорликнинг 2-қараши бўйича, яъни ишлаб чиқариш-ясаш кўриниши ёрдамлашиш, ясаш, ихтиро қилиш ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган нарсаларни ишлаб чиқариш кабиларга боғлиқдир. Тармоқлар бўйича ғоялар ишлаб чиқарувчи назариётчи ва янги нарсалар ихтиро қиладиган ихтирочилар ушбу тоифага тааллуқлидир.