Мурод Тоғай - ТАНЛАНГАН АСАРЛАР III жилд стр 6.

Книгу можно купить на ЛитРес.
Всего за 263.46 руб. Купить полную версию
Шрифт
Фон

Энди яна бир табиат куюнчагига эътибор беринг. У канадалик адиб Эрнест Сетон-Томпсон. У табиатни, хусусан, жониворларни асраш ҳақида асар битмоқчи бўлади. Асарга тайёрланиш учун икки юздан зиёд ҳайвонлар расмини чизиб чиқади. Икки мингтача ҳайвонлар, қушлар терисини, патини йиғиб, ўрганади. Кундалик дафтар тутиб, ҳайвонлар, қушлар ҳаётини ёзиб боради. Бу кундалик қалин-қалин ўттиз томга етади! Ниҳоят, шулардан келиб чиқиб, Жониворлар ҳақида ҳикоялар деган жахонгашта асарини яратади. Мен шу асарни ўзбекчалаштирдим. Асар йигирма беш босма табоқдан иборат бўлиб, табиат, жониворлар ҳақидадир. Унда отлардан тортиб, мушуклар образигача бор. Асар ҳадемай Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида босмадан чиқади.

Жойснинг Улисс романи рус тилига тўлиқ таржима қилинаяпти. Москвадалигимда таржимонни топиб, айланиб-ўргилдим, эридим. У қўлёзмани бермади, таржима ҳали битгани йўқ, деди. Менинг ниятим романни қўлёзмадан пешма-пеш ўзбекчага таржима қилиб, рус тили билан баб-баравар ўзбек тилида ҳам чоп эттирмоқчи эдим. Бўлмади. Яна-тағин кўрамиз

1988 йил.

СЕТОН-ТОМПСОН КИТОБИГА СЎЗБОШИМ

Сетон-Томпсон 1860 йил августнинг 14-кунида Англияда таваллуд топди. Унинг томирида шотланд қони бор. Эрнестнинг аждодлари тоғликлар бўлиб, улар ҳамиша табиат орасида, табиат билан ҳамнафас яшади. Бобоси Эрнестга ҳадеб: Бир кун келиб, барибир қонингга тортасан, барибир аслингга тортасан, деяверди. Дарҳақиқат, бобоси айтгандай бўлди. У ўз аждодларига тортди, суяк сурди.

Эрнест олти ёш бўлганда уларнинг оиласи Канадага кўчиб келди. У шу ёшидан бошлаб эсини таниди, кўрган-билганларини эслаб қоладиган бўлди. Шу йил қишда мактабга борди.

Қиш олис-олис бўлди. Ниҳоят, мартда чинакам кўклам келди, кун чарақлаб кетди, теваракдаги қорлар эрий бошлади, осмон тиниқдан-тиниқ, зангори бўлди.

Шунда, жажжигина бир қушча уйимиз олдидаги теракка келиб қўнди-да, оҳиста-оҳиста сайради. Биздан каттароқ бир бола уни: Бу бахт қуши, деди. Хаёлимда бахт қушининг мовий елкасини кўргандай бўлдим. Бахт қуши қайта-қайта сайраб, ўзининг нафис қўшиғини куйлади.

Нимагалигини ўзим ҳам билмайман, шунда мен бирдан ўпкам тўлиб, йиғлаб юбордим. Бахт қушининг қўшиғидан кўнглимнинг туб-тубигача тўлқинланиб кетдим. Шундан буён мен ҳар йили баҳор билан мовий қушимни бахт қушимни кутадиган бўлдим.

Истеъдодлар ҳамиша ўжар бўлади. Шу боис, мактабдаги энг истеъдодли бола ҳам, энг ўжар бола ҳам Эрнест бўлди.

Бир куни бир эълон ўқиб қолиб, унда доктор Росснинг Канада қушлари китоби чиқиб, Пиддингтон китоб магазинида сотилаётганини билиб олдим.

Эртаси куни ҳаяжондан қалт-қалт қалтираб, ўша ёққа йўл олдим. Қарасам, китоб бир доллар турар экан. Отамдан пул сўраб бўлмайди, у менинг табиат илми билан қизиқишимга қарши одам. Ўзимда бўлса пул йўқ. Шунда мен ана шу юз центни ҳалол меҳнатим билан топмоқчи бўлдим. Иккита ажойиб қуёним бор эди, шуларни бозорга солиб, эллик центга пулладим Бир ҳафта ўтиб, бир аёлнинг ўтинларини кўчасидан ҳовлисига ташиб бердим. Аёл хизмат ҳақим учун ўн цент берди. Жамғарган пулим жами олтмиш цент бўлди. Кейин бор майда-майда тошларимни пуллаб, яна ўн икки цент топдим. Тағин иш изладим. Бисотимдаги нарсаларимни жаллобларга пулладим. Бир инглиз хонимга ҳашарот териб бердим. Бир-икки ҳафта деганда жамғарма пулим тўқсон цент бўлди. Сўнг, омадим келмай, қолган центларни тополмай қолдим Аммо китоб магазинига бормаган куним қолмади, ҳар куни Пиддингтонга бориб, китоб магазини токчасидаги мени табиатнинг бор сир-асроридан воқиф этажак мўъжизавий китобни кўриб-келиб юрдим.

Кейин акаси Эрнестга иш буюриб, ҳақига бир галстук узатди. Эрнест галстукни эмас, пулини олди. Шундай қилиб, пули юз цент бир доллар бўлди. Ниҳоят, магазиндан орзу қилган китобини олиб, мурод-мақсадига етди.

У аввал-аввал расмлар чизди. Рассом бўлмоқчи бўлди. Қатор-қатор расмлар чизди. Расмлари кўргазмасини қўйди. Бир расмда одам еяётган бўрилар тасвири бор эди. Одамлар расмни томоша қилиб: Бу Худога шак келтириш-ку!, деди. Тўғри, расм мазмуни жуда аянчли эди, аммо расмни ўта қайғулиликда эмас, айнан Худога шак келтиришда айблади. Бу қадим-қадимдан ҳукм суриб келаётган қарашлар акс садоси эди.

Ўрта асрлар бошларидан бошлаб динлар таъсири оқибатида инсон билан ҳайвон ўртасига Хитой девори қўйилди. Илоҳиётчи файласуф Фома Аквинский: Ҳайвонларнинг қалби йўқ, дея таълим берди. Бу таълимот ҳайвонот дунёси билан табиат оламини ўқиб-ўрганишни тақиқлаб қўйди. Охир-оқибат, Сетон-Томпсон Бу қанақаси? Худонинг бандаларини бекордан-бекорга ўлдираверар экан-да! қабилидаги танбеҳларга қолди.

Аммо давр ўзгариб борди, бу қабилдаги қарашлар қариди. Илму фан жониворларнинг қалби бор эканлигини кашф этди, табиатга бўлган қарашлар ўзгарди. Бу борада Сетон-Томпсоннинг замондоши, буюк олим Чарльз Дарвиннинг хизмати беназир бўлди. Дарвин ўтган аср1 ўрталарида ўзининг Турларнинг келиб чиқиши асарини битиб, кашфиёт яратди. Дарвин инсон шаънини камситмаган ҳолда инсонга ўзлигини танитди. У инсонни табиат тараққиётидаги бир бўғин деб қаради. Дарвин таълимотига биноан инсон фақат табиатга илоҳийларча назар солибгина қолмасдан, шунингдек, ўзига ҳам табиат нуқтаи назаридан, табиат кўзи билан қараши, айниқса, ўзи билан табиат ўртасидаги қондошликни англаб етиши лозим бўлди.

Эрнест ажойиб анималист жониворлар тасвирини яратувчи рассом бўлди. Аммо бахт қушини табиатшунос олимликдан, адибликдан топди.

Жониворлар бадиий адабиётда қадим-қадимдан буён оралаб юради. Қадимги адабиётларда жониворлар шунчаки ҳолатларда бир кўриниб қўйди. Бир кўриниб, бир йўқолиб турди. Кўринганда ҳам шунчаки, инсон хизматкори сифатида, йўл-йўлакай кўринди, йўқолганда йўқолгани билинмади, ўқиган одамда йўқлов туйғуси туғдирмади, демак, қўмсаш, ачиниш, қайғу қўзғамади. Боиси, жониворлар бир жонли буюм сифатида тасвирланди. Борди-ю, бирор жонивор, айтайлик, от ўлган бўлса, асар муаллифи шу заҳотиёқ отнинг эгар-абзалини олиб, уни ўлган жойида ташлаб кетаверди. На асардаги одамда, на китобхонда отга нисбатан хайрихоҳлик, ачиниш содир бўлди. Чунки муаллиф отни ҳайвон, ўз оти ўзи билан ҳайвон, деган нуқтаи назар билан тасвирлади.

Бадиий адабиётда жониворларни тасвирлашнинг маълум бир мезони, маълум бир қолипи пайдо бўлди. Бу мезон бора-бора шаклланиб, одатдаги рисолага сиғмай қолди. Кейин-кейин жониворлар бадиий адабиётда бир воситачи сифатида тасвирланадиган бўлди. Муаллиф ўз мақсадини амалга ошириш учун ҳайвонларни керак бўлганда ишлатди, керак бўлмаганда, воқеадан четга чиқариб қўйди. 1498 йилда улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий Лисон ут-тайр Қуш тили асарини яратиб, унда инсон билан табиат, илоҳиёт масаласини бадиий таъриф-тавсифлади. Буюк шоир ўз қарашларини Попишак, Тўти, Товус каби ўттиздан зиёд қушлар тили, қилмиш-қидирмишлари, саргузаштлари орқали мажозий тарзда бадиий ифодалади. Ўзбек халқ достонлари яратилиб, бу достонларда отлар инсоннинг энг яқин биродари этиб тасвирланди, инсонни балолардан омон сақлади, оғирини енгил қилди, инсоннинг тоғдай таянчи бўлди. XVIII асрда француз табиатшуноси Бюффон қирқ тўрт жилддан иборат Табиат тарихи асарини яратди. Бюффон бу асарида жониворлар ҳаётини тасвирлади, жониворларнинг ўзига хос портрети, хулқ-атворини чизди. Брем ўн уч жилддан иборат Ҳайвонлар ҳаёти китобини яратди. XIX асрда улуғ рус ёзувчиси Лев Толстой Холстомер деган асар ёзди, унда отлар тилга кириб, одамлар мисол ўзаро гаплашди, баҳслашди, талашиб-тортишди, фалсафий мушоҳадалар қилди.

Ваша оценка очень важна

0
Шрифт
Фон

Помогите Вашим друзьям узнать о библиотеке

Скачать книгу

Если нет возможности читать онлайн, скачайте книгу файлом для электронной книжки и читайте офлайн.

fb2.zip txt txt.zip rtf.zip a4.pdf a6.pdf mobi.prc epub ios.epub fb3