Мурод Тоғай - ТАНЛАНГАН АСАРЛАР III жилд стр 5.

Книгу можно купить на ЛитРес.
Всего за 263.46 руб. Купить полную версию
Шрифт
Фон

Аёлимиз билан болаларимиз пиш-пиш ухлаб ётади.

 Босинқираяпти, ўнг ёнбошига ағдарилиб ётсин, дейди аёлимиз.

Ўнг ёнбошимга бурилиб ётаман. Бу сафар бир адирдан кетабераман, кетабераман. Адир охири кўринмайди. Олисларга қарайман. Олислар йўқ. Зимзиё. Далаларга қарайман. Далалар-да йўқ. Оёқларим остига қарайман. Ер-да йўқ. Оёғимни мўлжаллаб босиб, ерни излайман. Ерни топаман.

Зулматдан қутулиш учун сойга қараб энаман. Оёғим ерга тегмайди. Зим-зиё ҳавода саланглаб қолади. Зулматда учиб кетаман. Учиб кетабераман, кетабераман. Қаерга тушаман, ўзим-да билмайман. Қўним ер тополмайман. Ана энди ўлдим, дейман. Шунда, пойимда ўркач-ўркач қирлар, улкан-улкан тошлар қора беради. Дарахтлар, сувлар ранг беради. Зўр бериб дарахтлар узра тушайин, дейман. Дарахт шохлари тирнаб ташласа-да майли, омон қоламан, дейман. Қучоқларимни катта очаман. Мисоли сувда сузмишдай, дарахтлар томон талпинаман.

Ўнқир-чўнқир тошларга гурс этиб тушаман. Жонҳолатда тўлғанаман. Танам зирқ-зирқ этади. Кўзларим очилиб кетади. Бир бошқа бўлиб қоламан. Деразага қарайман. Дераза оқариб келаётган бўлади. Туриб туролмайман, ётиб ётолмайман. Бир таним бу дунёда, бир таним ўзга бир дунёда ётгандай бўлади. Шунда шунда бир нима шовуллайди. Сел бўлиб сел бўлмайди, мусиқа бўлиб мусиқа бўлмайди.

Бир вақтлар колхозимиз радиоузелчиси Қудратбой уйимиз деворига майдагина радио осиб қўйди. Радио саҳардан ётаргача гапирди, ашула айтди. Аввал-аввал зиғир мойдай ёқди. Кейин-кейин қулоқ-мияни еди. Жонга тегди. Бемаҳал қичқирар хўроз бўлди-қолди. Гапираберади, ашула айтаберади. Номи ашула бўлса бўлди, айтаберади! Эл-юртга ёқадими-йўқми, барибир айтаберади! Болалар овозини пасайтириб қўяман деб, бир-икки марта девордан тушириб юборди. Радио палағда бўлиб қолди. Бор-е, дедим-да, омборхонага отиб юбордим. Шу билан қулоғим тинчиди-қолди.

Ўғлимиз омборхонани титкилабди. Ана шу радиони топибди. Бинойидай созлабди. Деворга осиб қўйибди. Билдим, ана шу радио шовуллаяпти!

Ўй-хаёлларим учди-кетди. Дик этиб жойимдан турдим. Апил-тапил кийиндим. Селдай шовуллаш кўнглимни эзиб келаберди. Шундай қайғули шовуллаш, шундай кўнгилни вайрон қилувчи шовуллаш! Қарадим, аёлимиз сигир соғаяпти. Аёлимиз олдига бордим.

 Ай, Ойсулув, бирон катта-патта ўлибдими дейман, эшитаяпсанми? дедим.

 Каллаи саҳарлаб гапирган гапини

 Чин-да, қара, бундайин куйни мотамда чалади.

 Кўп гапирмасин, мол сут бермай қўяди.

 Бўлмаса, эси жойида одам каллаи саҳарлаб шундай куй чаладими?

 Радио ҳар саҳарда шундай чалади. Нафасини иссиқ қилсин.

 Қара, кўнгилни ер билан яксон қилади-я

Армиядалигимда бизни Суздаль деган шаҳарга саёҳатга олиб боришганди. Жуда бир ҳашамдор қасрга олиб киришди. Шунда, мунгли айтиб йиғлаш эшитгандим. Бир тўда аёл димоғида айтиб йиғларди.

Бизни эргаштириб юрган аёл тушунтириб берди. Айтишича, Пётр I деган ўрис подшо Россияда қайта қуриш бошлабди. Унинг Лопухина деган аёли бор экан. Шу аёли ҳадеб подшолик ишига аралашаберибди, аралашаберибди.

Шунда Пётр I сенми ҳали эркаклар ишига аралашадиган, дебди-да, аёлни Суздалдаги ўша монастирга сургун қилибди. Сочларини таг-туги билан қириб ташланглар, дея фармойиш берибди.

Подшо фармойишига биноан, аёлнинг сочларини пакки билан қириб ташлабдилар! Суздаллик аёллар подшо аёли ҳолига ачиниб, айтиб-айтиб йиғлабди. Ўшандан буён монастирга томошага келгувчиларга ана шу айтиб йиғлашни эшиттириб турар эканлар.

Мен ўйлай-ўйлай, ана шу айтиб йиғлашни эсладим. Ҳозир эшитаётганим ўша айтиб йиғлашга жуда-жуда ўхшаб кетди!

Шовуллаш юракни эзгандан-эзди. Кўнгилга қайғу солди. Кўнгилга таҳлика солди.

 Нимага анқайиб қолди? Борсин, юз-қўлини ювсин. Нима, дунёни энди кўраяптими? Радио ҳар саҳарда чаладиган соз-да.

 Унда, нимага мен эшитмаганман?

 Бу киши қаердан эшитади, тонг ёримай далада бўлса

Шовуллаш орасидан овоз келди:

Энди билдим, ўйлаб-ўйлаб топдим. Бу ўзимизнинг эл-юрт қўшиғимиз бўлди

Уйқуни ярим ўлик, дейдилар. Одам тонг саҳарда уйқусираб туради. Дунёни энди кўраётгандай бўлади. Дунёга уйқусираб қарайди, босинқираб қарайди, илтижо билан қарайди. Дунёдан нажот истайди. Дунёдан илинж истайди

Дунё таги оқариб-оқариб кела беради.

Тонг еллари юзларни силайди. Тан-жонни ҳузурлайди. Кўнгилни тўлдиради. Кўзни тўйдиради.

Дунё шундай бир вақтда тонг дея аталмиш хушрўй бир вақтда биров қайғули ашула айтиб бошласа нима бўлади? Одам уйқудан уйғонганларига пушаймон бўлади! Кўнгил тундай бирён бўлади! Тонг тун бўлади!

Радио эл-юрт қўшиғини айтаяптими, ё, айтиб йиғлаяптими? Айтиб йиғласа, нима деб йиғлаяпти? Ай, Деҳқонқул, боя олам зим-зиё эди, қоп-қора тун эди, сен ёруғ шуълага зор эдинг, қултум сувга ташна эдинг, хокисор эдинг. Ана, энди тонг бердим, энди сенга сув бердим. Бор, энди мени шарафла-да, энди мени улуғла-да, олти миллион тонна пахта териб бер, дея айтиб йиғлаяптими?

Қайси бир йили Термизга бордим. Бекатда ўғлим билан автобус қараб қолдим. Сомса олиб едим. Шунда бир бурчакдан қўшиқ эшитилди. Ялт этиб, қўшиқ эшитилмиш тарафга қарадим. Бир бўзбола магнитофон қўйди. Одамлар лаш-лушини кўтариб, қўшиқ олдига бориб турди.

Сомсани қоғозга ўраб, мен-да қўшиқ олдига бордим. Магнитофон теварагини одам босди. Қўшиқ эшитиб маза қилдим. Аммо сўзларини тушунмадим. Боиси, қўшиқ бир ажнабий тилда бўлди. Ўзимча, ишқкўнгил қўшиғи бўлса кераг-ов, дея ўйладим. Боиси, қўшиқ кўнглимга зиғир мойдек ёқди. Яхшилаб эшитиб олайин дея, сомсамни емай турдим. Бўзбола магнитофонини қўлтиқлаб жўнади. Сомсахонага борди. Магнитофонини деворга суяб қўйди. Ўзи панжарага суяниб, сомса еди. Ўғлимни эргаштириб, бўзбола кетидан бордим. Бўзбола тағин магнитофонини қўлтиқлаб жўнади. Сувхона олдига келди. Магнитофонини сувхона пештахтасига қўйди. Бир қўлини белига тираб сув ичди. Бир менмикан десам, бошқалар-да қўшиқ кетидан эргашиб келди.

Қўшиқ ниҳоялади. Биров бўзболадан: бу қандай қўшиқ, дея сўради.

Бўзбола елка қисди.

 Отини билмайман. Афғонистон гимни, деди. Аҳмад Зоҳир айтади.

 Эл-юрт қўшиғи дейсиз-да?

 Шул-шул!

Хаёлимга ўша қўшиқ келди. Қўшиқни деб, бегона бўзбола кетидан эргашиб юрганларимни эсладим.

Гап очилиб қолса афғон ҳамсояларимизни камситамиз. Қолоқ, дея бурнимизни жийирамиз. Осмондан келиб куламиз! Ана, эл-юрт қўшиғи қандай бўлади!

Тонг саҳарда эл-юрт узра шундай бир қўшиқ таралса Эл-юрт қўшиғида юртимиз суврати бўлса элимиз руҳи бўлса эл-юрт сози бўлса эл-юрт қўшиғини эшитиб, одам яшаган сайин яшагиси келса пахта терган сайин тергиси келса

Эл-юрт қўшиғини эшитиб, ажалга-да борса одам.

1991 йил.

Мақолалар


МЕН-МИ?

 Менми? Мен Отамдан қолган далалар деган бир асар дардида юрибман. Эҳтимол роман бўлар, эҳтимол қисса бўлар? Билмадим. Ишқилиб, кўнглимда борини тўкиб соламан. Асар воқеаси шу кунларда кечяпти, одамлари шу кунларда яшаяпти. Асарга синчковлик билан қарасам, бир жойи китобий, яна бир жойи интеллектуал прозага ўхшаб қолибди. Билиб-билмай, Ғарб оҳангларига ўйнаган жойларим ҳам бўлибди, ёлғон-яшиқлардан сюжет яратиб, қойилмақом қилиб, бураб ташлабман. Фақат одамларнинг исми шарифи бизники демаса, қолганлари, билмайман, кимники Қарасам, оёғим ердан узилгандай бўлибди. Москвада ўқиб келдим, балки шундандир? Эҳтимол! Шу боисдан бир оёғим Тошкентда, бир оёғим Сурхондарёда бўлиб қолди. Кўпни кўрган деҳқонлар даврасида бўлдим, дала кездим. Деҳқоннинг, даланинг ҳидини олдим. Ниҳоят, оёғим яна ерни топди, яна оёғимни ерга қўйдим. Асар кўнгилдаги куйга тушди. Асар янада кўнгил куйига тушсин учун шу эрта кўкламдан бошлаб Сурхондарёга кетаман.

Ажаб ижодкорлар бор-да. Бир ижодкор мени пассивликда айблади. Адиб граждан бўлиши керак, мана, Орол қуриб кетаяпти, дея пичинг қилди. Дарҳақиқат, бу ижодкорнинг тала-тўпи оламни бузади. У жасур ватанпарвар, у оташин граждан, у тирноғидан сочигача қайта қуриш, ошкоралик, демократия яловбардори. Экран, радио, матбуот, минбарларни ҳеч кимга бермай наъра тортади. Шу ёниқ ижодкордан Оролнинг энг чуқур жойи неча метр, дея сўрадим. Оташин граждан елкасини қисди, билмади. Сўнг: Оролнинг жами майдони қанча? деб сўрадим. Жасур ватанпарвар бош ирғаб, билмайман, деди. Ўзи, Орол қаерда? дея тағин сўрадим. Табиат муҳофазачиси шимол тарафга қўл силтаб: Где-то, Қорақалпоғистонда, деди. Мен харитани очиб, унга Оролни кўрсатдим. У Оролга тикилиб: И-я, Оролнинг ярми Қозоғистонга қарар экан-ку! деди. Қаранг, табиат куюнчаги Оролнинг юзига ақалли харитадан бўлсаям бир қараб қўймаган экан! Шу ижодкор Орол ҳақида шеър ёзди. Шеърдаги ҳар бир сатр охирида Орол сўзи такрорланади. Мен эринмай, Орол сўзининг ўрнига севгилим сўзини қўйиб чиқдим. Ҳеч нима ўзгармади!

Ваша оценка очень важна

0
Шрифт
Фон

Помогите Вашим друзьям узнать о библиотеке

Скачать книгу

Если нет возможности читать онлайн, скачайте книгу файлом для электронной книжки и читайте офлайн.

fb2.zip txt txt.zip rtf.zip a4.pdf a6.pdf mobi.prc epub ios.epub fb3