Всего за 400 руб. Купить полную версию
Медиа-ахборий саводхонликнинг замонавий талқини бўйича D. Oberg, S.Ingvaldsen, M. Leaning, A.Grizzle, P.Moore, M.Dezuanni, S.Asthana, C. Wilson, F.Banda, Ch. Onumah, J.Singh, P.Kerr, E. Hamburger, A.Silverblatt, J. Ferry, B.Finan, N.Stevenson6 сингари хорижлик мутахассислар изланиш олиб борган. М. Маклюэн ва Э. Тоффлер каби хорижлик олимларнинг медиани тушуниш, медиа таъсири масалаларига бағишланган мумтоз қарашлари мавзуни чуқурроқ тадқиқ этишда муҳим аҳамият касб этди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз назарий ва қисман эмпирик база сифатида чет эл тадқиқотчиларининг илмий журналлардаги мақолаларидан ҳам фойдаландик. Бу борада ЮНЕСКО томонидан ўтказилган халқаро конференциялар материаллари, «Медиаобразование», «International Journal of Media and Information Literacy» журналларидаги мақолалар муҳим манба ҳисобланади. Уларда медиатаълим, медиасаводхонликнинг замонавий жамиятдаги ўрни, ҳар бир мамлакатдаги тараққиёти, ўзига хослиги ва медиамаҳсулот истеъмолидаги ўзгаришлар ҳақида сўз кетган.
Шунга қарамай, ахборий-психологик кураш шароитида медиатаълимнинг заруратини асослаш, медиа-ахборий саводхонлик компетенциясини миллий таълим тизими контекстида ўрганиш, медиатаълимни жорий этишдаги ўзига хосликларни илмий асослаш бўйича изланишларга эҳтиёж катта.
Тадқиқот мавзусининг диссертация бажарилган олий таълим муассасаси илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация тадқиқоти Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг «Халқаро журналистика назарияси ва амалиётининг долзарб масалалари» мавзусида олиб борилаётган истиқболли илмий-тадқиқот ишлари доирасида бажарилган.
Тадқиқотнинг мақсади илғор хорижий тажриба, тарихий маънавий негизларга таяниб, ахборот-психологик кураш хавфи, миллий таълим тизими ўзига хослигини инобатга олган ҳолда медиатаълимнинг «ўзбек моделини яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболларини асослашдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари:
дунёнинг мураккаб ва кўп қиррали ахборий харитасида акс этаётган ахборий-психологик кураш шароитида медиа-ахборий саводхонлик заруратини таҳлил қилиш;
медиатаълим ва ахборий саводхонликнинг миллий, маънавий, тарихий асосларини тадқиқ этиш;
медиатаълим бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, мақбул назария ва моделларни ажратиш;
Ўзбекистонлик ёшларнинг медиамаҳсулот истеъмоли ва медиасаводхонлик даражасини аниқлаш асосида таълим тизимининг медиасаводхонликни ошириш функциясини такомиллаштириш;
медиатаълимнинг «ўзбек моделини амалиётга татбиқ этиш шакли ва механизмлари, малака талаблари, жорий этиш босқичлари, таълим мазмунини белгилашга доир тавсиялар ишлаб чиқиш.
Тадқиқотнинг объекти сифатида медиа изоляциясидаги ахборот истеъмолчиларининг рақамли оламга тўғри мослашишига кўмаклашиш, медиасаводхонлик, танқидий тафаккурни ошириш функциясини ўзида мужассамлаштираётган хорижий ва миллий таълим тизими олинган.
Тадқиқотнинг предмети ахборий ва кибер хавф мавжуд бўлган глобал ахборий-психологик маконда мураккаб ва кескин вазият, медиамаҳсулот истеъмолидаги ўзгаришлар фонида долзарблашиб бораётган медиатаълим, медиасаводхонлик ҳисобланади.
Тадқиқотнинг усуллари. Тадқиқотда мавзуни адекват ҳолатда ўрганишни таъминлашга қаратилган қуйидаги назарий ва эмпирик методлар мажмуи қўлланди: назарий (тaҳлилий-синтетик, тaрихий-қиёсий, тaркибий-типологик), таҳлил (анализ, синтез, индукция, дедукция, конкретлаштириш, аналогия, моделлаштириш); социологик (ҳужжатларни ўрганиш, кузатув, анкета сўрови, контент таҳлил), диагностик (лойиҳалаштириш), прогностик (фикрий эксперимент, мустақил баҳоларни умумлаштириш ва бошқ.), математик статистика усуллари.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
мамлакатда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, ахборот экологияси мусаффолигига эришишда омманинг жамоатчилик фикрини манфаатли шакллантиришга интилаётган сиёсий ва молиявий тузилмалар таъсиридан чиқиши, онгли тарзда ишончли ва тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқини амалга оширишда медиатаълимнинг долзарблиги ва зарурати асосланган;
тарихий манбалардан медиатаълим, медиасаводхонлик, фактчекинг тушунчаларининг Шарқдаги қадимий кўринишларига оид мисоллар топилган, аллома ва мутафаккирларнинг мавзуга оид қарашлари очиб берилиб, ўрта асрларда мадрасаларда ўқитилган, услуб жиҳатидан медиатаълимга ўхшаш бўлган фанлар аниқланган;
ёшларнинг медиа истеъмолига доир хусусиятлари, медиасаводхонлик кўрсаткичлари аниқланиб, амалдаги таълим тизими таҳсил олувчиларни ахборий жамиятга тайёрлаб бормаслиги, умумий ўрта, олий таълим, малака ошириш курсларига медиатаълимни жорий этишнинг муҳимлиги исботланган;
медиатаълимнинг «ўзбек модели» ишлаб чиқилиб, унга илмий асосда таъриф берилган, уни амалиётга жорий этиш босқичлари, шакллари, малака талаблари, механизмлари, медиатаълим дастурлари мазмунига доир талаблар, медиасаводхонликнинг трансчегаравий компетенциялари, таркибий компонентлари далилланган.
Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат:
медиатаълимнинг тарихий шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, хорижий мамлакатлардаги илғор тажрибаларнинг ўзига хосликлари кўрсатиб ўтилган;
медиа истеъмолидаги тадрижий ўзгаришлар, медианинг инсонларга ҳиссий, ақлий, жисмоний таъсирида юзага келаётган медиақарамлик, фаббинг, FOMO sapiens каби муаммолар таҳлил этилиб, ечимлар таклиф қилинган;
медиамакондаги ҳар қандай ахборий хуружларга қарамай, миллий истиқлол ғояларига содиқ, фаол фуқаролик позициясига эга ахборот истеъмолчиларини тарбияловчи, ахборот одоби, маданияти, маънавиятини шакллантирувчи медиатаълимнинг «ўзбек модели» ишлаб чиқилган;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2022 йил 16 мартдаги 11-PA 2/1-547-сонли топшириғига мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ахборот маконида медиасаводхонлик ва онлайн хавфсизликни таъминлаш бўйича 20222024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси, Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим марказининг Медиамаконда болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг ахборот саводхонлиги ва онлайн хавфсизлигини таъминлаш бўйича 20222024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этилган;
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти кўмаги билан республиканинг барча ҳудудидан 7827 нафар респондент иштирокида ёшларнинг медиасаводхонлик кўрсаткичи ва медиамаҳсулот истеъмоли хусусиятларини аниқлашга қаратилган сўровнома ўтказилган;
Республика олий таълим муассасалари бакалавриат босқичи талабалари учун «Медиатаълим» фани бўйича фан дастури, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети бакалавриат босқичи талабалари учун «Медиатаълим ва ахборот хавфсизлиги», «Журналистикада медиасаводхонлик ва факт чекинг» ҳамда «Медиатаълим ва медиасаводхонлик» фанлари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети учун «Медиатаълим асослари» фани бўйича фан ва ишчи дастурлар ишлаб чиқилган, маъруза матнлари, тақдимот ва видеоматериаллар тайёрланган.
Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги ишда фойдаланилган назарий маълумотлар учун илмий адабиётлар, жумладан, тан олинган нуфузли илмий базаларда ҳаволаланган журналлардаги энг сўнгги илмий материалларга мурожаат этилгани, амалий характердаги маълумотларнинг мунтазам социологик кузатув ва 7827 нафар респондент иштирокидаги социологик сўров орқали олингани, ишончли интернет манбалари, тасдиқланган статистик маълумотлардан фойдаланилгани, сайтларга мурожаат вақти берилиши, таҳлиллар, илмий-амалий характердаги хулосаларнинг қиёсий методлар билан асослангани, моделлаштиришда фикрий эксперимент ва чоғиштириш методи қўллангани ҳамда илмий фикр ва таклифлардан амалиётда фойдаланилгани, уларнинг тегишли ташкилотлар томонидан тасдиқлангани билан ифодаланади.