Всего за 400 руб. Купить полную версию
Медиатаълимнинг «ўзбек модели» ни яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболлари
Санобар Жуманова
© Санобар Жуманова, 2023
ISBN 978-5-0060-1875-4
Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero
МУНДAРИЖA
КИРИШ
I БОБ. ЗАМОНАВИЙ МЕДИАМАКОНДАГИ АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК КУРАШ ШАРОИТИДА ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИАТАЪЛИМ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИЙ ОМИЛЛАРИ
1.1§ Замонавий медиамакондаги ахборий-психологик курашнинг дунё ахборий харитасида акс этиши
1.2§ Ўзбекистонда ахборий ва киберхавфсизликка таҳдидлардан ҳимояланишда медиатаълимни жорий этиш зарурати, қонуний асослари, шарт-шароитлари
1.3§ Медиатаълимнинг полисемик талқини ва таснифи, мақсад ва вазифалари
II БОБ. МЕДИАТАЪЛИМНИНГ ТАРИХИЙ, ИЛМИЙ-НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ: МИЛЛИЙ ВА ХАЛҚАРО ТАЖРИБА
2.1§ Медиатаълимнинг дастлабки тарихий кўринишлари, ривожланиш босқичлари, тараққиёт тамойиллари
2.2§ Ахборий саводхонлик, факт чекингга оид миллий дидактик қарашлар
2.3§ Медиатаълим: халқаро тажриба, оптимал моделлар, етакчи назариялар
III БОБ. МЕДИАТАЪЛИМНИНГ «ЎЗБЕК МОДЕЛИНИ ЯРАТИШ ВА ЖОРИЙ ЭТИШНИНГ АМАЛИЙ МАСАЛАЛАРИ
3.1§ Рақамли муҳитда шаклланган янги медиасаводхонликнинг таянч компетенциялари
3.2§ Ўзбекистонлик ёшларнинг медиа истеъмоли ва медиасаводхонлик кўрсаткичи (социологик тадқиқот натижалари)
3.3§ Медиатаълимни миллий таълим тизимига жорий этиш шакли, босқичлари, фанларга интеграциялаш масалалари
ХУЛОСA
ФОЙДAЛAНИЛГAН AДAБИЁТЛAР РЎЙХAТИ
КИРИШ
Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Жаҳон медиаполисида кечаётган глобаллашув, рақамлашув тенденциялари, сиёсий, иқтисодий, мафкуравий манфаатлар тўқнашуви медианинг ахборот-психологик таъсирини оширди, инсонлар онгу шуури учун кураш жараёнини кучайтирди. Ахборот супермагистралидаги шиддатли ахборот оқими, рақамли тенгсизлик, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик муаммосининг долзарблашуви, ахборотнинг товар сифатидаги тижорий функциялари кўпайиши, ахборий муҳитнинг ифлосланиши, унда турли номақбул ахборот шаклларининг пайдо бўлиши, оммавий коммуникация жараёнида адоват ва нафрат тилининг, эмоционал резонанс, ахборий блокада, медиага қарамлик, фейк ахборот ва манипулятив таъсирнинг кенгайиши миллий манфаатлар устуворлиги ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аҳолининг медиамаҳсулот истеъмолини чуқур тадқиқ этиш, медиатаълим инструментидан фойдаланган ҳолда омма онгида ахборот оламини тартибга солиш, ахборот ва рақамли саломатлигини сақлаш, ахборот билан муомала қилишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш, аҳолининг, хусусан, ёшларнинг ахборот маданиятини шакллантиришни тақозо этмоқда.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларида бу борадаги ҳаракатлар ўтган асрда бошланган ва бугун кўплаб давлатларда медиатаълим умумий таълимнинг мажбурий, доимий компонентига айланди. Ўзбекистонда медиатаълимни ривожлантириш, болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг ахборот саводхонлиги шакллантириш ҳамда онлайн муҳитдаги хавфсизлигини таъминлаш масаласи кун тартибида турибди. Шу нуқтаи назардан, замонавий медиамакондаги реал вазият, ахборот-психологик курашлар контекстида медиатаълимнинг пайдо бўлиш тарихи ва шаклланиш босқичлари, илмий-назарий, амалий, методологик асослари ва концепциялари, илғор хорижий тажрибани ўрганишга зарурат сезилмоқда. Шу билан бирга, хорижий мамлакатлар тажрибасини тўғридан-тўғри кўчирмасдан, илмий тадқиқотлар орқали миллий истиқлол ғоясига асосланган, миллий таълим тизими, менталитетдаги ўзига хосликларни, шарқона тарихий, маънавий негизларни инобатга олган ҳолда медиатаълимнинг «ўзбек моделини яратиш долзарб аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М.Мирзиёев 2021 йил 26 июндаги матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригида «Бугун авлодлар, ижодий мактаблар, анъаналар, тушунча ва тасаввурлар янгиланмоқда. Интернет замони ўз талаб ва қоидаларини илгари сурмоқда. Ана шундай мураккаб ўтиш даврида миллий журналистикамиз илгари кузатилмаган турли синов ва қийинчиликларга ҳам дуч келаётганини эътироф этиш ва уларни биргаликда бартараф қилиш ҳақида ўйлашимиз лозим» деган фикрлари орқали замонавий медиамакондаги ҳозирги вазиятга баҳо берди1. Янги Ўзбекистонда мамлакатни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳасини либераллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, сўз эркинлигини таъминлаш, рақамли иқтисодиётни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, мазкур тадқиқот «20222026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»2нинг 71- ва 89-мақсадларида белгиланган оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш билан боғлиқ устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Киберхавфсизлик тўғрисида», «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида», «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида», «Тижорат сири тўғрисида», «Реклама тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон «20222026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги, 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон «Рақамли Ўзбекистон 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги, 2019 йил 2 февралдаги ПФ-5653-сон «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ва мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ушбу диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.
Тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишларига мослиги. Мазкур тадқиқот республика фан ва технологиялар ривожланишининг: I. «Ахборотлашган жамият ва демократик давлатни ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий ривожлантиришда инновацион ғоялар тизимини шакллантириш ва уларни амалга ошириш йўлларининг устувор йўналишига мувофиқ бажарилган.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ўзбекистонда медиатаълим, ахборотнинг аудиторияга таъсири масалалари Ф. Мўминов, Н. Муратова, Х. Дўстмуҳамедов, Ё. Маматова, С. Сулаймонова, Н. Тошпўлатова, Г. Алимова, С. Бабаджанов3нинг қўлланмалари, илмий мақолаларида акс этган.
Медиатаълим, медиасаводхонликнинг назарий асослари бўйича тадқиқотлар МДҲ давлатларида А.В.Федоров, А.А.Новикова, В.Л.Колесниченко, И.А.Каруна, Е.И.Кузьмин, Е.А.Воронина, Э. Токтогулова, Э. Кайыпов, Г. Асанбаева, Н. Гендина, А.В.Паршакова, А.В.Шариков, И.В.Жилавская4 ва бошқа олимларнинг илмий тадқиқотлари, ўқув қўлланмаларида ўз ифодасини топган. О.Б.Шергова5нинг «Журналистика ва медитаълим (коммуникатив ва лингвистик компонентлар) мавзусидаги тадқиқоти оммавий ахборот воситалари билан тўйинган дунёда яшаётган жамият талабларига жавобан пайдо бўлган янги фанлараро йўналиш медиатаълимнинг журналистика ихтисослигида ўрганилишини асослаб бергани билан аҳамиятли.