Всего за 400 руб. Купить полную версию
Юнонистонда оламни фалсафий мушоҳада қилиш—мантиқ ва тасдиқлашга таянган илмий ва рационал фикрлаш методи орқали билиш мумкинлигига асос солинган. Пифагор, Евклид ва Архимедлар математика ва математик фанлар – геометрия, оптика, гидростатика фанларининг асосчилари ҳисобланади. Астрономия соҳасида Аристарх биринчи бўлиб геоцентризм ғоясини илгари сурди. Гиппократ – медицина фанига асос солди.
Геродот тарих фанининг отаси ҳисобланади. Аристотель асарлари маданият назарияси бўйича биринчи фундаментал илмий ишлар қаторидан ўрин олган эди. Деярли ҳозирги замон маданиятининг жанрлари қадимги Юнонистонда пайдо бўлди. Баъзилари ўша даврнинг ўзида жуда юқори даражага кўтарилди.
Фидий бошчилигида бадиий тасвирий санъат асарлари, Зевснинг катта ҳайкали бунга мисол бўла олади. Юнонлар биргина яратувчилик билан шуғулланиб қолмай, шу билан бирга гўзаллик қонунлари билан яшашни ҳам ҳоҳлар эдилар. Шунингдек, юнонларда ибтидоий дин шакллари – тотемизм, анимизм ва фетишизм тасаввурлари кучли бўлган.
Ибтидоий жамоа тузумидан синфий жамиятга ўтиш давомида юнонларнинг диний тасаввурлари ҳам ўзгариб борган. Уларда ҳар бир йирик ҳодиса, касби-корнинг ўз худолари – хомийлари бўлган.
Зевс – юнонларнинг энг муқаддас бош худоси ҳисобланган. У осмон, момақалдироқ, чақмоқ ва ёмғир худоси бўлган. Уни одамлар жингалак сочли, бақувват, серсоқол, қудратли, қўлида чақмоқ ушлаган, басавлат киши сифатида тасаввур қилганлар.
Зевснинг укаси Пасейдонни «ерни тебратувчи» даҳшатли денгиз худоларидан бири деб билганлар. Гелиос қуёш худоси бўлиб, оппоқ отлар қўшилган олтин аравасида осмонга чиққанда кундуз бошланади деб фикр юритганлар.
Апполон эса ёруғлик ва санъат худоси саналган. Деметрий ҳам илоҳий тимсол сифатида ўсимликларнинг униб чиқиши, ўсиши, сарғайиши гўёки унга боғлиқ бўлган. Ер ости ҳукмдори – ҳомийси Аид бўлган. Дионис виночилик, Афродита аввал ҳосилдорлик, кейинчалик севги ва гўзаллик ҳамда денгиз сайёҳлари ҳомийси бўлган.
Зевснинг қизи Афина, юнон афсоналарига кўра уруш, ғалаба, санъат, билим ва донолик маъбудаси бўлган. У Афина шаҳрининг ҳомийси бўлиб, ҳайкалтарош Фидий томонидан шаҳардаги Парфенон ибодатхонаси олдида унинг ажойиб ҳайкали ишланган. Юнон худоларидан бири, Зевс ва Геранинг ўғли Гефест темирчилик ҳомийси ҳисобланган, Вулқон лаваларининг отилиши ҳам унинг ер остидаги темирчилик устахонасининг маҳсули деб ҳисоблашган. Гермес савдо-сотиқ худоси сифатида эътироф этилган.
Юнонларнинг фикрича, уларнинг Зевс бошлиқ худолари баланд Олимп тоғларида яшаганлар ва бадавлат кишилардай ҳаёт кечирганлар. Улар ҳам одамлар каби шуҳратпараст, ҳокимиятпараст, шафқатсиз ва қасоскор бўлганлар. Юнон худоларининг одамлардан фарқлари шундаки, биринчидан улар умрбоқий, иккинчидан, улар Гефестдан ташқари 2 гўзал ва қадди қомати келишган бўлишган.
Юнон худолари ҳам севишган, хурсанд ёки ғамгин, ғазабли ҳолатларда намоён бўлганлар. Ердаги аёллар билан худолар қовушувидан қаҳрамонлар дунёга келганлар.
Юнонлар ўз худоларига ишонишган, сиғинишган, уларга атаб ибодатхоналар қуришган ва қурбонликлар қилишган. Лекин юнонларда худоларга кўр-кўрона сажда қилиш, мутаассиблик даражасида бўлмаган.
Масалан, Прометей худолар иродасига қарши одамларга осмондан оловни ўғирлаб олиб тушиб берган (Прометей афсонасидан).
Юнон мифологиясида биргина худоларни эмас, ердаги инсонларни ҳам улуғлаганлар. Бунга Софоклнинг «Дунёда буюклар кўп. Лекин, инсондан бошқа табиатда кучлиси йўқ», ёки Архимеднинг «Менга таянч нуқтасини топиб беринглар, мен дунёни остин-устун қилиб ташлайман» деган ибораларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
Қадимги Юнон маданияти бешта даврга бўлинади:
Эгей маданияти (эр. авв. 2800—1100 йиллар);
Гомер даври (эр. авв. ХI—IХ асрлар);
Архаик маданият даври (эр. авв. VIII—VI асрлар);
Классик (юқори даражадаги) даври (эр. авв. V—IV асрлар);
Эллинизм даври (эр. авв. 323—146 йиллар).
Эгей маданиятини кўпинча Крит-Микен маданияти деб ҳам аташади. Бунинг сабаби Крит ороли ва Микен Юнон маданиятининг асосий марказлари саналган. Шунингдек бу даврни афсонавий подшо Миноснинг номи билан Миной маданияти деб ҳам аташади.
Эрамиздан аввалги уч мингинчи йилларнинг охири, икки мингинчи йилларнинг бошларида Крит оролида Кносс, Феста, Мали ва Като-Закро шаҳар давлатлари вужудга келди. Шаҳарларнинг тутган ўрнини ҳисобга олиниб, баъзида уларни «Сарой маданияти» деб ҳам аташади. Бу даврда асосий машғулот қишлоқ хўжалиги бўлиб, бунда дон, узум, зайтун етиштирилган. Хўжаликда чорвачилик, хунармандчилик ва савдо ҳам муҳим ўрин тутган.
Крит маданиятига тааллуқли Кнос саройи «Лабиринт» номи билан тарихга кирган бўлиб, унинг биринчи қаватигина сақланиб қолган. У кўп қаватли иншоот бўлиб, 300 хонадан иборат, бир гектардан кўпроқ ерни эгаллаган. Саройда сув ўтказувчи мослама (водопровод), канализация ва ванналар, ҳунармандчилик устахоналари бўлган. Саройнинг маҳфий хонасидан аёл худонинг қўлида илонни ушлаб турган ҳайкалчаси топилган. Саройнинг деворларида ҳозиргача «Гуллар терувчи», «Қушни тутишга шайланаётган мушук», «Хўкиз билан ўйин» каби расм манзаралари сақланиб қолган.
Крит ўзининг чизиқли ҳарфларидан иборат ўз ёзувига эга бўлган. Лекин бу ёзувни ҳанузгача ҳеч бир олим ўқиб чиқишга эга бўлмаган.
XI—IX асрларнинг Гомер асри деб аталиши сабаби шуки, бу даврни ёритиб берувчи асосий манба Гомернинг «Одиссея», «Иллиада» достонлари бўлган. Бу даврда давлатчилик, шаҳар – сарой турмуш маданияти ва ёзув йўқ бўлиб боради, меҳнат қуролларини темирдан ясашга ўтилиши натижасида меҳнат унумдорлиги анча ўсади, деҳқончилик ва чорвачилик ривож топади. Савдо-сотиқда эса айирбошлаш воситаси қорамоллар ҳисобланган.
Архаик даврга хос хусусияти шундаки, Юнонистонда уч аср давомида қишлоқдан шаҳарга, уруғ-қабилачилик, патриархат муносабатларидан классик қулчилик босқичига ўтиш учун замин етилади.
Шаҳар – давлат ижтимоий ҳаётининг асосий шакли бўлиб қолади. Давлат тузумининг шакллари – монархия, олигархия, аристократик ва демократик республика бўлган. Юнонлар финикияликларнинг ёзуви асосида 24 ҳарфдан иборат ўз алифболарини яратганлар. Бу алифбода ҳам ундош, ҳам унли товушларни ифодаловчи 24 харф бўлган.
Юнонистонда таълим тизимининг ютуғи туфайли полиснинг эркин кишилари орасида саводсизлар йўқ эди. Жамият қадриятлари ва аҳлоқий нормалар шакллана боради. Бунда ватанпарварлик ва фуқаролик муҳим ўрин тутган. Ўз шаҳрини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг шарафли бурчи ҳисобланган. Худди шу даврда инсон танаси билан руҳ ўртасида уйғунликни ифодаловчи идеал инсон тўғрисидаги ғоя шаклланади.
Фалсафа ва бошқа фанлар вужудга келади. Фалсафа фанига Фалес, Пифагор эса математикага асос солади. Аввал ёғочдан, кейинчалик тошдан фойдаланиб ясаладиган монументал ҳайкалтарошликка асос солинади. Шулардан кўпроқ тарқалгани: 1) яланғоч ҳолдаги эркакларнинг ҳайкаллари – «курос»; 2) тикка турган аёллар ҳайкаллари – «кора».
Поэзия соҳасида Гомернинг «Иллиада» ва «Одиссея» достонлари яратилади. Кейинроқ шоир Гесиод томонидан «Теогония» ва «Аёллар каталоги» поэмаларида антик мифология ўзининг классик даражасига кўтарилади. Антик шоирлар орасида Архилох (лирик поэзия асосчиси), ҳамда шоира С.О.Лесбос ижодлари алоҳида ўрин тутади. Гўзаллик, севги, ҳузур-ҳаловатни куйлаган Анакреонта ижоди А.С.Пушкин ижодига ҳам катта таъсир кўрсатган.
«Греция мўъжизаси» номи билан тарихга кирган классик даврда (эр. авв. V—IVасрлар) қадимги юнон цивилизацияси ва маданияти яшнаб энг юқори чўққига чиқди. Бу даврда юнонлар эронликлар устидан ғалабага эришгач, иқтисодиёт, савдо кенг ривожланади. Афина Ўрта Ер денгизида энг катта савдо марказига айланади. Афина, Миср, Карфаген, Крит, Сурия, Финикияликлар билан савдо алоқаларини олиб боради.