Чунончи, оламшумул «Қиёмат» романининг теран фалсафий моҳиятини, пафоси ва сюжет чизиқларини драматик ва фожеий воқеа-ҳодисалар талотўпида юксак маҳорат билан тасвир этилган бўрилар «тирикликнинг буюк онаси» Акбара ва Тошчайнарсиз асло тасаввур этиб бўлмайди. Инчунин, Айтматов бўрилар ҳақида шундай ёзади: «Акбара ва Тошчайнар тўғрисида ёзишдан аввал бўриларнинг табиатини, юриш-туришини, ҳаётини ўргандим. Кўплаб ҳар-хил китобларни ўқиб чиқдим. Умуман, бўриларнинг ҳаёти қатъий интизомга бўйсундирилган. Қизиқ ҳаёт кечирадилар»
Ҳа, учқур таҳайюл соҳиби Айтматов ўз асарларида жонивору ҳайвонлар тимсолини ҳам самимий туйғу, меҳр-муҳаббат ва қалб ҳарорати билан тасвир этади. Бинобарин, қушлар ва ҳайвонлар ҳам инсон қатори табиатнинг, тирикликнинг ажралмас қисми, ҳаёт воқеликлари иштирокчисидир.
Дарҳақиқат, афсона замирида теран ва аччиқ ҳақиқат мавжуд. У қалбимизда ҳайвонот оламига меҳр-муҳаббат, шафқат-хайрихоҳлик туйғуларини тарбиялайди. Бинобарин, ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳам ўзига яраша тирик унсур, уларнинг ҳам ички дунёси, ҳис-туйғулари бор. Улар ҳам тинч, осуда ҳаёт кечиришга ҳақли
Айтматов ва Шохонов мавзу доирасида ҳайвонлар ва ўсимликлар оламининг ўзига хос яшаш қонуниятлари, урф-одатлари тўғрисида қизғин фикр юритадилар. Чунончи, Шохоновнинг биолог олимлар ультратовуш аппаратлари ёрдамида ўсимликлар япроқларида ўтказган тажриба, Айтматовнинг чиннигуллар устидан ўтказилган тажриба хусусида ўзаро сўзлаб берган ҳикоялари ўқувчини беихтиёр чуқур мушоҳада қилишга чорлайди. Ваҳоланки, Шохонов куйиниб афсусланганидек, табиат мўъжизаларга бой, ҳатто оддий япроқ ҳам ҳис-туйғулардан бегона эмас. Инсон эса, мендан кейин дунёни сув босмайдими, қабилида гумроҳлик қилиб, бутун бошли ўрмонларни кесиб-йўқотиб, лоқайдлик ботқоғига ботмоқда. Бу, табиийки, биосферага ўзининг салбий таъсирини ўтказмасдан қўймайди. Бу зайл эҳтиёждан ташқари исрофгарчилик учун келажак авлодлар олдида юзи шувут бўлиб қолишидан заррача айбдорлик ҳисси туяётгани йўқ.
Ўрта Осиё халқларининг энг қадимий ёзма ёдгорлиги буюк «Авестода эзгулик тимсоли Ҳурмуз (Ахурамазда) Одамни муҳтарам ва мукаррам зот қилиб яратди; қадр-қимматини улуғлаб, шарафларга буркади. «Авесто» битикларида баён этилишича, моддий олам олти босқичда яратилди. Олам яралишининг тўртинчи асоси «Айосримда Ахурамазда тўрт муқаддас унсур тупроқ, сув, ҳаво, оловни улуғлаш мақсадида ўсимликлар дунёсини яратди. Доривор гиёҳлар муқаддаслаштирилди. Бешинчи асос «Мидйоримда эса ҳайвонот дунёси яратилди. Моҳият шундаки, ўсимликлар дунёси мукаррам зот Инсон учун озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари; ҳайвонот дунёси мўл-кўл, фаровон турмушнинг зарур омили сифатида яратилди. Демак, табиат инъомлари, ер ости ва ер усти бойликлари инсон учун яратилди
Она табиатни ҳаёт кўрки бўлган турфа ўсимликларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўсимликлар ер юзидаги жамийки тирик мавжудот учун ҳаёт манбаидир. Энг муҳими, ўсимликлар ҳаво таркибидаги кислородни бойитади. Ана шу кислород билан тирик организмлар нафас олади. Ҳаётимизда ўсимликларнинг ўрни бениҳоя катта. Ўсимлик ва ҳайвонлар организми ҳужайралардан тузилган, демакки, ҳужайраларда тирикликка хос хусусиятлар мужассамдир. Шу ҳақда мулоҳаза юритарканман, савқи-табиий ҳислар билан қадимги юнон файласуфи Анаксагор битиклари ёдимга тушади: «Ўсимликлар тирик мавжудотлардир. Улар ҳам ҳис қиладилар, ғам чекадилар, қувонадилар. Бу туйғулар уларнинг япроқларида зоҳир бўлади. Шунингдек, ўсимликлар ақл ва билимга ҳам эгадирлар.»
Дарҳақиқат, гуллар осудаликни, тинч-осойишта ҳаётни истар экан. Гулларда ҳам эшитиш, фикрлаш, сезиш ва ҳис этиш хусусияти мавжуд. Гулларнинг кайфияти, барқ уриб ривожланиш хусусияти инсон кайфиятига уйғунлигини табобат илми тасдиқлайди. Яъни, хонаки гул ва ўсимликлар таркибида ҳаводаги микроорганизмларни ўлдирувчи учадиган фитонцидлар мавжуд. Ёки айтайлик, плюмерия ва лаванда гуллари ўзидан ёқимли ҳид таратиб, хона ҳавосини тозалайди. Айрим гулларнинг барглари ўзидан муаттар бўй таратиб, инсон руҳиятига аъло кайфият бағишлайди. Агар болгариялик дунёга машҳур ноёб қобилият соҳибаси, кўзи ожиз башоратгўй аёл Вангелия Пандева-Гуштерованинг ҳаёти саҳифаларига назар ташласак, талай диққатга молик қизиқарли маълумотларга дуч келамиз.
Ванга, аввало, ўтмишни, ҳозирги кун ва келажакни кўра олувчи фавқулодда феномен эди. У ҳатто марҳумлар ва ўзга сайёраликлар билан мулоқотда бўлганлиги тасдиқланади. Жумладан, Ванга ҳам Анаксагор каби табиатдаги барча гиёҳларнинг жони бор деб ҳисоблаган, гуллар ва дарахтлар билан суҳбатлаша олган. Ўтлардан турли дорилар ўйлаб топиб, беморларни даволаган. Шифокор Ванга таъкидлайдики, одам табиат билан уйғунликда яшашни ўрганиши керак, шундагина у соғлом, руҳи тетик бўлади. Ҳайратланарли жойи шундаки, кароматгўй аёлнинг иқрор бўлишича, қайси доривор гиёҳ инсон танасидаги қай бир дардга даво эканлигини муолажа чоғида ўзи айтиб тураркан. Бу чинакам мўъжиза!