Мен юқоридаги таъкидларим билан одам илм излашдан қайтиши керак демоқчимасман. Илм бизнинг шахсий ўсишимизга хизмат қилади. Фақат бунда мазмун топишга уринмаслик керак.
Қайтанга, қанча кўп нарсани билсак, бу дунёда тутган ўрнимизни шунча яхши англаб борамиз. Бу эса бизга атроф дунё билан келишиб яшашга, ҳаётни мазмун учун курашга айлантирмасликка имкон беради.
Атроф-дунёни ўрганинг, ёввойи табиатдаги ҳаётга қизиқинг. Ўз танангиз, онгингиз ва қалбингиздаги жараёнларни тушунишга, уларга тўғри баҳо беришга интилинг. Бу интилишларингизга муҳимликни аралаштирманг токи у ҳар нарсадан мазмун излаб, ишнинг белига тепмасин.
Динёдаги ҳар қандай жонзот ҳаётини ҳурмат қилинг, табиатни севишни ўрганинг. Табиат ҳар қанча меҳрга арзийдиган гўзаликка эга. Унинг ақлни шоширадиган мўжизалари жуда кўп. Дунёга «инсонийлик ғурури» деган шоҳсупа устида туриб назар ташлаганлар табиатнинг ҳар қандай гўзаллигидан маҳрумдирлар.
Инсоний манманлик яхши-ёмон ҳақидаги ёлғондан куч олади. Энди сиз бу ёлғондан бунинг ёлғон эканидан бохабарсиз. Шундай экан, ғурур ва манманлик шахсиятингизни ожиз қилишига, кўнглингиздаги тинчликка рахна солишига, сизни мазмунли лекин бахтсиз мавжудотга айлантиришига имкон берманг.
Сешанба Муҳимлик
Дарахтдаги маймунлар
«Тўқайга ўт кетса,
ҳўлу қуруқ тенг ёнади»
(Ўзбек мақоли)
Анъани бузмаган ҳолда, сизга эртак айтиб бераман.
Улкан ва гўзал чакалакзорда ажойиб зийрак маймунчалар яшар экан. Уларнинг ўрмонида турфа хил дарахтлар ўсар экан. Аввалига маймунчалар ерда яшашга одатланган экан. Улар улкан дарахтларга қўрқув билан қараб, уларга тирмашишга ҳадиксирар эканлар.
Аммо вақт ўтиб, маймунлар ўз қўрқувини енгиб чиқиб, аста-секин дарахтларга тирмаша бошлабди. Улардан баъзилари қўнғир пўстлоқли бир текис ўсган дарахтларга чиқса, бошқалари сариқ пўстлоқли шоҳларини ҳар томонга тарқатиб ўсадиган дарахтларга чиқиб кўрибди. Маймунлар дарахтларда қорин тўйғазсиҳ мумкин бўлган турли-туман меваларни топишибди. Бора-бора маймунлар дарахтларни ўз уйларига айлантириб, ерга деярли тушмайдиган бўлибдилар.
Сариқ дарахтларни макон қилган маймунлар қўнғир дарахтдаги маймунлар билан ҳеч чиқишмас экан. «Бизнинг дарахтлар кенг ва сермева. Уларнинг шоҳлари кўп ва барглари кенг ҳаммага жой етади. Сизнинг дарахтингизда эса деярли шохлар йўқ унда яшаш жуда қийин. Сизлар нотўғри дарахтда яшаяпсиз» дейишар экан улар. Бунга қўнғир дарахтларни маскан қилган маймунлар «Тўғри, бизнинг дарахтимиз яшашга ноқулай. Лекин у мустаҳкам ва баланд. Унинг устида биз узоқ-узоқларни кўра оламиз. Устига-устак, бундай баландлик бизни кўп йиртқичлардан омон сақлайди» деб жавоб беришар экан. Бора-бора бу зиддият очиқчасига адоватга айланибди.
Аммо бир кун ўрмонга чақмоқ уриб, ёнғин чиқибди. Бу ёнғинда қўнғир дарахтлар ҳам, сариқ дарахтлар ҳам омон қолмабди. Талвасага тушган маймунлар дарахтларидан тушиб, ўрмондан қочиш билан ўз жонларини сақлаб қолишибди. Ва улар аслида ҳамма дарахт ерда ўсишини, қачонлардир улар ана шу ердан паноҳ топиб яшашганини эслашибди. Улар ўртасидаги бўлиниш ва адоват сунъий экани фош бўлиб, улар яна аҳил-иноқ яшай бошлашибди
Биз бу дунёга у ҳақида кўп нарсани билмай келамиз. Ҳаёт бизга айнан бу дунёнинг сирларини ўрганиш учун берилади. Кимдир бу дунёга кенгроқ назар ташлаш учун илм-фан дарахтига тирмашса, кимдир бунда ўзига дин дарахтини танлайди.
Бунда нотўғри танлов бўлмайди. Ҳар қандай дарахт инсонни буюк юксакликларга олиб чиқиши мумкин. Илм-фан ҳам, дин ҳам одамни бу дунёни яхшироқ англашига, ўзининг бу дунёда тутган ўрнига одилроқ баҳо беришига ёрдам бера олади. Ҳар қандай дарахтни танлаган одам ҳам адашмайди.
Лекин кўпчиликнинг ўз танловига бўлган муносабати муҳимлик сабаб нотўғри томонга оғиб кетади. Улар ўз танловлари аҳамйтаини ошириб юборишади. Натижада уларда ўзлари танлаган дарахтни бошқа дарахтлардан устун қўйиш истаги алангаланади. Муҳимлик сабаб, улар ҳаётлари бошида ерда юрган маймунча бўлганини унутишади (одамни маймунга тенглаштирганим қайсидир дарахтга чиқиб олиб, ўз ҳақлиги ҳақида оламга жар солаётган одамлар шахсиятига тегиши мумкин аммо улар ўзларини бу дунёдаги бошқа мавжудотлардан юқори ҳисоблаб, маймунга тенглаштирилишдан ҳазар қилса, бу уларнинг муҳимлигидан дарак).
Биз ўзимиз танлаган дарахтга баъзан шу қадар берилиб кетамизки, бошқа дарахтлар ҳақида унутиб қўйишимиз мумкин. Баъзан динга муккасидан кетиб қолган одам дин дарахти барглари орасидан туриб, ташқи дунёни кўра олмай қолади. Улар бу сўқирликда шу даражага бориб етишадики, илм-фанни тамоман инкор қилишга ўтишади. Айнан илм-фан яратган чироқлар ёруғида диний китобларини ўқишаётгани, илм-фан яратган дармонлар хасталик қийнаганда жонларига оро кириши ёдларидан чиқади.