Жавлон Жўраев - Ўзлик сари етти қадам  5. Шахс ва давлат стр 8.

Шрифт
Фон

Оиладаги сиёсат нимага қаратилган бўлади? Ҳамма ўз вазифасини бажаришига, ҳеч ким масъулиятсизлик қилмаслигига, ҳар ким ўз ўрнини билишига  бир сўз билан айтганда, ижтимоий адолатга. Оиладаги сиёсат оила аъзоларининг вақти ўз шахсий эҳтиёжлари ва оила эҳтиёжлари ўртасидан адолатли тақсимланишига хизмат қилади.

Масалан, мен билим олиб, олий маълумотли бўлмоқчиман. Бу менинг шахсий ўсишим учун керак, келажагимни таъминлашга ҳисса. Лекин бунга эришиш учун мен кўпроқ ўқишим ва изланишим керак. Кунимнинг кўп қисми шунга сарф бўлади. Натижада оилам эҳтиёжларига мен қўшишим керак бўлган ҳиссам эътиборсиз қолади.

Баъзи оилалар бундай зиддиятни янги қоида таъсис қилиш билан ҳал қиладилар. Янги келишув тузилади: ота-она фарзандига билим олиш учун кўпроқ бўш вақт ажратиб, оилани таъминлашни ўз бўйнига олади, фарзанд эса улғайиб, маълумотли бўлгач эса ота-онаси елкасидан бу юкни олади ва уларга беғам кексалик тақдим этади. Шу усулда оиладаги сиёсат тартибга солинади ва ижтимоий адолат тикланади.

Давлат ҳам кўпинча шундай иш тутади: ёшларга илм олиш ва фойдали мутахассис бўлгунча вақт ва шароит беради. Бепул ўрта таълимни таъминлайди, талабаларга стипендия билан кўмаклашади. Кейинчалик, мутахассис бўлиб, ишга киргач, фуқаро бу ёрдам эвазига давлат ва жамиятга фойда келтириш билан ўз қарзини узади.

Бу оиладаги ва жамиятдаги сиёсат қанчалик ўхшаш ҳолат эканига бир мисол. Аслида ҳаётимизнинг ҳар бир даражасида биз сиёсат билан яшаймиз. Кундалик юриш-туришимиз, одамлар билан муомаламиз, орзу-интилишларимиз ҳаммаси ижтимоий тартибга амал қилади. Бунга қисман маданият, анъаналар, ижтимоий андазалар ва, албатта, давлатнинг сиёсати (у қабул қилган қонунлар) ўз таъсирини ўтказади.

Бизнинг туғилишимиз сиёсат: чақалоқ туғилганда маълум маросимлар қилинишини ижтимоий тартиб тақозо этади. Улғайишимиз сиёсат: ота-она ва жамият онгимизга ижтимоий тартибга хизмат қилувчи дастурларни ёзиб боради. Таълим олишимиз  катта сиёсат: айнан таълим бизга ижтимоий тартиб ҳақида энг кенг билимларни беради. Сиз мактабда фақат ёзиш ва ўқишни ўрганмайсиз  сиз мактабда жамият аъзоси бўлиш, ижтимоий тартибга амал қилишни ўрганасиз. Бизнинг турмуш қуришимиз, фарзандли бўлишимиз, ишга киришимиз  ҳаммаси сиёсат. Бунда ижтимоий тартибга амал қилмасдан иложимиз йўқ. Бизнинг бу дунёни тарк этишимиз  сиёсат: ижтимоий тартиб белгилаган усулда ерга кўмильишимиз керак.

Баъзи одамлар ўзини сиёсатдан йироқ деб билади. Албатта, улар бунда давлатнинг олиб бораётган сиёсатини назарда тутади. Лекин сиёсатдан йироқ бўлиб бўлмайди. Сиёсат сизнинг ҳар бир нафасингизда бор  токи сизда ақл бор экан, демак сиз сиёсатга бевосита дахлдорсиз.

Хўш, бизга бу қадар кўп сиёсат нега керак? Нега биз бунчалик сиёсийлашган махлуқлармиз?

Чунки биз энг тартибсиз жонзотмиз. Бизнинг ақлимиз аҳамиятсиз нарсаларга ортиқча аҳамият бериб, табиий мувозанатни бузишга ўч. Табиий мувозанат бузилганда эса  тартибсизлик келиб чиқади. Биз ўзимиз ҳаётимизда тартибсизлик келтириб чиқарамиз ва ана шу тартибсизликни назорат қилиш учун сиёсат ўйлаб топамиз.

Лекин ҳар қандай сиёсатнинг бир камчилиги бор: у ҳар доим ҳам кутилгандек иш бермайди. Ижтимоий тартибни бузадиганлар, қоидаларни менсимайдиганлар, ижтимоий адолатни қадрламайдиганлар ҳар доим топилади. Шунда жамиятда (бу жамият кичик оилами, ёки бутун халқми  фарқи йўқ) зиддиятлар келиб чиқади. Бу зиддиятлар бизни кўнгил хотиржамлигидан айиради ва бахтсиз одамларга айлантиради.

Ижтимоий тартиб муҳимликка берилиш сабаб бузилади. Кимдир ўз манфаатини жамият манфаатидан устун қўяди, кимдир ўзига ортиқча баҳо беради, кимдир ўзини адолат ва қонундан юқори ҳисоблайди. Жуда ажойиб ҳолат: муҳимлик бизни нотабиий истакларга эргашиб, тартибсизлик келтириб чиқаришга ундайди. Бу тартибсизликни бартараф қилиш учун қоидалар жорий қилиб, муаммони ҳал қилмоқчи бўлсак  муҳимлик ана шу қоидаларни бузишга ундайди ва янги муаммолар келтириб чиқаради.

Сиз билан мен бу ҳолатга ечим оддийгина сергаклик эканини биламиз. Сергаклик бизни табиий мувозанатни бузишдан асраб қолади. Табиий мувозанат бузилмаса  янги зиддиятлар келтириб чиқарадиган сиёсатга ҳожат йўқ. Ҳеч эътибор берганмисиз: сиёсат ҳақида ўйлаш ёки гапириш жуда ёқимсиз. Сабаби оддий: сиёсат  муҳимлик меваси, у бизнинг ҳаётий қувватимиз ҳисобидан мавжуд. Сиёсатнинг асосий муаммоси  унинг мавжудлиги, унга зарурат борлигида.

Ваша оценка очень важна

0
Шрифт
Фон

Помогите Вашим друзьям узнать о библиотеке

Скачать книгу

Если нет возможности читать онлайн, скачайте книгу файлом для электронной книжки и читайте офлайн.

fb2.zip txt txt.zip rtf.zip a4.pdf a6.pdf mobi.prc epub ios.epub fb3