Жавлон Жўраев - Ўзлик сари етти қадам  5. Шахс ва давлат стр 6.

Шрифт
Фон

Ўзи қизиқмаган ва суймаган иши билан шуғулланган одам худди ўз имконидан ташқари ишни қилаётган ҳужайрага ўхшайди. Қондаги кислород ташувчи ҳужайралар айнан тананинг барча қисмига қувват манбайини етказишга мослашган  агар улар бошқа вазифани бажаришига тўғри келса, улар буни самарали уддалай олмайдилар ва тана соғлиги хавф остида қолади.

Агар давлат қайсидир соҳаларни тарғиб қилишга ўта катта аҳамият бериб, бошқа соҳаларни эътиборсиз қолдирса, жамиятда шу тарғиб қилинган соҳага сунъий қизиқиш пайдо бўлади. Айтайлик, давлат ўз эҳтиёжларидан келиб чиқиб, иқтисодчи ва ҳуқуқшуносларни тарбиялашга кўпроқ урғу бериши мумкин. Бунда аслида иқтисод ёки ҳуқуқ соҳасига қизиқиши бўлмаган ёшлар ҳам шу соҳаларни эгаллашга уринадилар. Ваҳоланки, сунъий қизиқиш ортидан иқтисод ёки ҳуқуқни танлаган ёшларнинг орасида муҳандислик ёки микробиологияга кучли мойиллиги бор иқтидор эгалари бўлиши мумкин. Жамиятга муҳандислар ва микробиологлар ҳам керак  жуда керак. Уларнинг аҳамияти иқтисодчи ёки ҳуқуқшуносларникидан асло кам эмас.

Жамиятдаги муҳит бир нечта соҳаларни ёқлайдиган бўлмаслиги лозим. Чунки бундай муҳитда муҳим деб билинган соҳа бўйича кўплаб самарасиз ва сифатсиз мутахассислар тарбияланади. Ҳаётий зарур бўлган бошқа соҳалар эса ривожланишда оқсай бошлайди. Жамият организмида бир гуруҳ ҳужайралар сустлашса  бу бутун вужудни касаллантиради.

Инсон танасида турли хил вирус ва бактерияларга қарши курашадиган лейкоцит деб номланадиган ҳужайралар бор. Уларни оқ қон таначалари деб ҳам атайдилар. Агар нимадир сабаб билан қонда лейкоцитлар миқдори ошиб кетса, одам лейкоцитоз ёки кескин ҳолларда оққон касаллиги билан оғрий бошлайди. Жамиятда ҳам бир соҳа вакиллари ҳаддан ошиқ кўпайиб кетса, улар ўз соҳалари бўйича самарали ишлаш ўрнига, жамиятга зарар етказа бошлайдилар.

Демак, шахслар ўз кўнглига қараб касб-ҳунар танлашини таъминлаш жамият соғлом ва мувозанатда бўлишини белгилайди. Алоҳида соҳаларга катта аҳамият бериш шу соҳа вакиллари кучсизлашишига, бутун жамият ва иқтисод зарар кўришига олиб келади.

Ўз кўнгли мойиллигига қараб касб танлашнинг яна бир ажойиб афзаллиги бор: бундай мутахассиснинг қадри доим баланд бўлади. Бугун ёшлар орасида шундай ишонч мавжуд  ҳар қанча истеъдодли бўлса ҳам, таниш-билишлари ва таъсир доираси бўлмаган мутахассис қадр топиши қийин. Бу узоқни кўра билмай айтилган хулосадир. Чунки ўз ишининг устаси бўлган одам ўз ишини моҳирона бажаради  сифатли қилинган ишнинг қадри эса ҳеч қачон тушмайди.

Бой танишингиз отасининг дастаги билан катта корхонага ишга жойлашади. Лекин у корхонага ишдан натижа керак бўлсаю, ходим уни етказиб бера олмаса  куни келиб иш берувчи шу вазифани юқори сифатда уддалайдиган мутахассисни излаб топади.

Сиз ўз соҳангизда ана шундай тенги йўқ маҳоратга эришинг, токи асоссиз сабабларга кўра чала мутахассисларни ишга олиб оғзи куйган иш берувчи охири сизни излаб келсин.

Мақсадларга эришиш ҳақида учинчи китобда суҳбатлашган эдик. Эсингизда бўлса, мақсад сизники бўлса ва у бут мақсад бўлса  унга эришиш учун сизда ҳамма имкониятлар борлигини таъкидлаган эдик. Севган касбини танлаш ва шу касбда юқори савияли мутахассис бўлишни мақсад қилиш ва унга интилишда ҳам ана шу тамойилга амал қилиш даркор.

Кўпчилик ёшлар касб танлашда шу касбнинг «обрўсини» чамалашга уринадилар. Қанча обрўли касб бўлса, шунча яхши. Негадир, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлаш учун одамга етук ақлий қобилиятлар керак эмас деган хато тушунча ҳалигача жуда кенг тарқалган. Ҳар бир соҳада ақл керак  ахир, ақл самарадорликка эришиш учун энг зўр қурол. Ақлини ишлата билмаган агроном ёки чорвадор ҳосилни нобуд қилиши ёки одамларни заҳарлаб қўйиши мумкин. Зеҳн билан иш тутган агроном ёки чорвадор ўз ишида шундай самарага эришадики, унинг тажрибасини керак бўлса оқ кўйлак кийиб, бўйинбоғ таққанлар келиб ўрганади.

Алоҳида шахслар ўз истакларига кўра соҳа ва касб танлашлари учун давлатдан кўп нарса талаб этилмайди. Давлат бу жараёнга халал бермаса ва ҳар ким ўзи қизиққан соҳасини ўрганиши учун зарур шароитларни яратиб берса бўлгани. Қолганини ҳужайраларнинг ўзи бажаради. Албатта, ҳамма шароит мавжуд бўлса ҳам, баъзи одамлар муҳимликка берилиб, нотўғри касбни танлаши мумкин. Лекин кучли шахсият эгаси бўлишни тарғиб қилиб, биз сергакликни одат қиламиз ва касбимизни ҳам ўз кўнглимиз амрига қараб танлаймиз.

Баъзи ҳолларда танлаган касбимизга интилишимизга бошқа одамлар қаршилик қилмоқчи бўлади. Улар бизга бу касб келажаги йўқлигини, бу касб билан ҳеч бир ютуққа эриша олмаслигимизни айтадилар. Бу касбдан даромад яхши эмаслигини важ қилиб кўрсатадилар.

Ваша оценка очень важна

0
Шрифт
Фон

Помогите Вашим друзьям узнать о библиотеке

Скачать книгу

Если нет возможности читать онлайн, скачайте книгу файлом для электронной книжки и читайте офлайн.

fb2.zip txt txt.zip rtf.zip a4.pdf a6.pdf mobi.prc epub ios.epub fb3