Совет даврида бундай бедодлик истаганча қилиб кўрилди, ҳатто «диний» деб тамға босилган ҳар қандай мақол-маталларгача шўролаштирилди, чунончи, «Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл кўкарар» мақоли «тузатилиб», эл меҳнат билан кўкарадиган бўлган эди.
Қизиғи шундаки, мақол-маталларни ўзгартирувчилар буни яна халқнинг ўзига юклашади мақол ва маталлар кўпроқ қўлланадиган одоб-ахлоққа оид кўп мақолаю насиҳатномаларда «улуғ донишмандлардан бири дейди», «нақл қиладиларки», «олимлардан бири айтади» каби мавҳумот жумлалар билан сийқа бир гап тақдим этилади. Аксар ҳолларда, бу «ҳикмат»лар ҳикмат эмаслиги устига, она тилимизда илгари бўлмаган, унинг табиатига сингишмайдиган ибора ва ифода шакли бўлиб ҳам чиқади. Баъзан улар шунчалик оммалаштириб юбориладики, кейин ҳатто энг машҳур ёзувчилар, тил заргари бўлган адиблар асарларида ҳам улар «ўтиб кетиши» мумкин.
«Ватан нимадан бошланади?» деган аллатовур савол ана шундайлардан бири. Газета-журналларни варақласангиз, бу ўхшовсиз саволга беш-ўн хил жавобни учратасиз. Ватан туғилиб-ўсган уй остонасидан бошланади, ватан киндик қони томган жойдан бошланади, ватан тенгқур ўртоқларинг билан ҳаммомпиш ўйнаган жойдан бошланади қабилида чучмал жавоблар бисёр. Ҳатто етти-саккиз йил илгари маҳаллага эътибор кучайиб, у ўзини ўзи бошқариш органига айлантирилганида «ватан маҳалладан бошланади», деган «пурҳикмат» гаплар ҳам чиқди. Қизиғи шундаки, мухбир ёки адиб шундай деб ёзиб қўяқолмайди, балки «доно халқимиз шундай деб айтади», «ота-боболаримиз шундай деб нақл қилганлар», «қадим бир мақолда айтилишича» деб ёзишади. Бўлса бордир, аммо рус адиби Юлиан Семёновнинг Қилич ва қалқон деган романи асосида олинган кинофильмдаги «С чего начинается Родина?» деган машҳур қўшиқ экранда янграгунига қадар ҳам қадим ота-боболаримиз «Ватан нимадан бошланади?» деган саволни қўйиб, унга боягидай жавобларни беришган бўлса, ҳеч бокиси йўқ эди. Шу кино чиққунига қадар чоп этилган минглаб китобларни, юзлаб газета-журналларнинг барча сонини бирма-бир варақлаб кўринг бирон жойда боягидай чучмал савол ёки унга анови каби «доно» жавоб чиқар бўлса, биз бенават.
Чиқмайди. Негаки, бу ифода ўзбек тилининг табиатига ёт, ҳатто янада чуқурроқ кириб бориб айтадиган бўлсак, мавҳум нарсалар нимадан бошланади (меҳр нимадан бошланади, нафрат нимадан бошланади каби), деган тушунчанинг ўзи ўзбекча эмас, яъни ўзбек ва умуман туркий халқлар тафаккур тарзига бегона.
Яқинда бир рўзномада «она рози худо рози, дейдилар», деган янги бир «мақол»га кўзим тушди. Албатта, она улуғ, табаррук зот (бу ҳақда ҳадислар кўплигини биласиз). Аммо бояги гапни мен эшитмаган эканман. Онани мадҳ этиш учун она халқимизнинг отани улуғлаган қуйма мақолини ўзгартириш шунчалик зарурмикин?
Гап оталарга қараб бурилган экан, ота тўғрисидаги яна бир қанча табаррук мақол аллакимлар томонидан «тузатилаётгани», «таҳрир» қилинаётгани эсга келади. «Ота рози Худо рози» дейиш биланоқ фарзанд учун энг улуғ инсон ота эканини муҳрлаб қўйган халқнинг тантилигини қарангки, икки-уч тоифани отадан улуғроқ кўради, масалан, устоз отангдан улуғ, дейди. Бироқ «бўса»ни «бўлса» деб «адабий» ёзишга даъват қиладиган чаққонлар, отадан ҳеч ким улуғ бўлолмайди, демак бу сўз бузилган, асли устоз отангдай улуғ бўлади, энди шундай ёзайлик, деб таклиф беришади.
Бу тилни ҳис қилмасликдан.
Тилшуносликда тил илмига оидликни билдирадиган лисоний деган тушунча билан бирга, ғайрилисоний (тил илмига оид, бироқ ундан ташқарида маъносидаги) деган истилоҳ ҳам бор. Аксар тилшуносларимиз фақат «лисончи»лик билан кифояланиб қолишган уларга грамматика қоидалари бузилмаса бўлгани, тилнинг ўзи бузилиб кетаётгани билан ишлари йўқ. Устоз отангдан улуғ дейиладими ё отангдай улуғми уларга фарқсиз, чунки бу ерда бояги схоластик қоидалар бузилаётгани йўқ. Шунинг учун ҳам, тилчиларнинг бу масалага аралашишини кутиш бефойда (ёдингизда бўлса, она тилимизнинг давлат тили бўлишида ҳам, кутилганига қарши, анча лоқайд турган тоифа тилшунослар эди).
Ота ҳаммадан улуғ. Худди шунинг учун устоз отангдан улуғ, деймиз. Отанинг мавқеи, масалан, холадан пастроқ ё амакиваччадан юқорироқ бўлса, у ҳолда бунақа мақол тўқилмасди. Айнан ота энг улуғ бўлгани боис, эл устозни улуғлаш учун ё бўлмаса меҳмонни эъзозлаш учун устоз отангдан улуғ, дейди, яна меҳмон отангдан улуғ, дейди. Бу билан отанинг мавқеи асло пасайиб қолмайди, чунки ихчам шакл олган айни мақоллар ботинида айнан ота ҳаммадан улуғлигини таъкидлаш бор. Устоз отангдай улуғ, деганда эса ота мавқеи кўтарилиш ўрнига пасаяди, унда бу улуғлик ўлчовли, чекланган бўлиб қолади.
Халқимиз устозни бошига кўтаради, унга боламнинг эти сизники, суяги бизники, деб таъзим қилади. Нега? Чунки устоз пир, у шогирди бўлган талабани камолот сари йўллайди. Ота болани ҳаётга йўлласа, пир Оллоҳ сари элтади. Шунинг учун ҳам устознинг отадан улуғлиги чин, қолаверса, бу мақол замирида буюк педагогик сир пинҳон бўлган шогирд устозини ўз отасидан ҳам улуғ кўрар экан, астойдил том эътиқод билан ўрганади.
Хўш, меҳмон-чи? Меҳмон атойи Худо. Оллоҳ таоло ато этган меҳмон отадан ҳам кўпроқ эъзозланса, неажаб? Илгари ота-боболаримиз уйга меҳмон келавермаса, гуноҳкор эканман, тангрим менга меҳмон ато этмаяпти, деб тавба-тазарру қилганлар. Ўзбекларнинг энг фазилатли хислатларидан бири ва эҳтимолки, биринчиси меҳмондўстлик. Боболаримиз меҳмонни дўст тутганлар, улуғлаб, иззат-икром қилганлар ва «меҳмон отангдан улуғ» деб мақол ҳам айтганлар.
Ёки, «Ўқиган ўғил отадан улуғ» деган яна бир мақолни олинг. Хўш, буниям ўз қаричимизга мослаб, «ўқиган ўғил отадай улуғ» деймизми? Бу ҳолда отанинг мавқеи пасайтирилган бўлмайдими? Ўғил отадай бўла оладими?
Мақол, матал ва идиомалар тил мўъжизаси. Уларда сўзнинг туб маъносига қараганда кўчма маъно устун бўладиган ҳоллар кўп. Бинобарин, улардаги ҳар бир сўз ёки ифодага бирон жиноий қонун матнидаги сўзга ёндашилгани каби жиддият билан ёндашмаслик керак. Масалан, «Устоз отангдан улуғ» деган мақолни тескари ўқиб, ота устоздан тубан экан, деган маъно чиқармаслик керак.
Айрим биларманлар ҳатто илоҳиётга тегишли масалаларда ҳам «янгилик яратиш» қош қўяман, деб кўз чиқариш билан овора. Чунончи, бир мақола муаллифи: «Оллоҳ таоло ҳам сақланганни сақлайман, деб айтган», деб ёзади. Ажаб, бу гапнинг исноди (манбаи) қаерда экан? Тўғри, ўз жонига қасд қилиш исломда қаттиқ қораланади, эл-юртни муҳофаза этиш рағбатлантирилади. Аммо айнан «сақланганни сақлайман» деган калимани қаерда, қайси китобда ўқигансиз? Ахир бу Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам йўқ-ку! Менимча, «сақланганни сақлайман» жумласи «бережённого бог бережёт» (ўзини асраган одамни худо сақлайди) деган рус мақолининг қўпол таржимаси, холос.
Бирон-бир мақол ё маталнинг қачон пайдо бўлганини ҳеч ким аниқ айтиб беролмайди. Чунки аксар мақол-маталлар жуда олис замонлардан бери қўлланиб келади. Аммо бунда бир истисно бор. Биз тандирдан эндигина узилган, таваллуд санаси 2002 йилнинг охирги кунларида, деб қайд қилса бўладиган «Отанг маҳалла, онанг маҳалла» деган долзарб бир мақолни кўзда тутаяпмиз. Ҳозир баҳорнинг кўк чучвараси каби янгилик бўлган бу «мақол»ни газеталарнинг ҳар бир сонида ўқийсиз, радио-телевидение ҳам кунига ўн марталаб уқтиряпти.
Илгари «Отанг бозор, онанг бозор» деган лўнда бир мақол бўлар эди. Бирон нарсани қўни-қўшнидан сўраб, тополмай юрган одамга, бозорга борсанг топасан, деган маънода «отанг бозор, онанг бозор» дейишган. (қ.: Маънолар махзани, Ўзбекистон Миллий энциклопедияси нашриёти, Т., 2001, 274-б.). Чамаси, чегачиларнинг қўлига энди ана шу мақол тушган кўринади. Аттанг, дейсан киши, мана шу «Маънолар махзани» китоби яна икки йилча босилмай турсайди, ким билади, анов мақол ҳам «тузатилиб», маҳаллабоп бўлиб чиқармиди? Фақат бир нарсага ҳайронмиз: Обод маҳалла йили ўтганидан кейин ҳам бу мақол ҳозиргидай қолармикин, ё бозор иқтисодиёти шароитида яшаётганимиздан келиб чиқиб, яна эскитдан синашта бўлган «бозор» калимасига қайтармикинмиз?