Мурод Тоғай - ТАНЛАНГАН АСАРЛАР III жилд стр 2.

Книгу можно купить на ЛитРес.
Всего за 263.46 руб. Купить полную версию
Шрифт
Фон

 Кўраяпсанми қизларнинг ўсма қўйишини. Ўсмани ўзлари учун қўяди, деб ўйлайсанми? Йў-ўқ, сен учун, ҳаммаси сен учун, йигитлар учун. Ҳаёт шунақа, гўзал деди.

Раҳимжонов доцент Обидовичнинг гапидан завқланиб кетди. Уялган боладай бошини чапга сал қийшайтириб, тобора қорайиб бораётган чўққа тикилганича жилмайди. Буни кўрган ва ҳис қилган Обидович унга биргина бўлсаям завқ бера олганидан қувониб, кулимсиради. Ҳали ювилмаган бир пақир картошка кўтариб ошхонага бораётган йигитга:

 Миркарим, болаларни кечаги жойга олиб бор, энди терса бўлади, деди.

Йигит ҳўл қўлини олдига тутиб олган этакка артиб, хўп, деди-да, йўлида давом этди.

 Сен, Раҳимжонов ука, қолгин, иш бор.

Талабалар бир-бирларини қувлашиб оппоқ далаларга қараб кетдилар. Обидович шошмасдан картошкаларни арчиб, мис товоққа солди.

 Хў-ўш, қалай, зерикмаяпсанми, ишқилиб?

 Йўғ-е, домлажон, келганимизга бор-йўғи уч кун бўлди-ю.

 Кеча қанча тердинг?

 Ўн беш кило.

 Маза йўқ-ку. Болалар икки юз, юз килолаб терибди.

 Биза энди, домлажон, пахта териб кўрмаганмиз-де

 Ҳа, майли. Қўлдан келганича териш керак. Укаларинг кўпми? Опаларинг

 Тўртта укам бор. Опамла ҳаммаси эрга чиқиб кетишган.

 Уйланганмисан? Йўқ? Ҳа, яхши, ҳали биринчи курссан. Анча оғир бўлади. Ма, картошкани е.

 Йўқ, раҳмат, домлажон. Жа-а, тўйиб турибман, ўзийиз енг, раҳмат.

 Олсанг-чи, ҳаммамиз ҳам тўйиб турибмиз. Бу ширин бўлади, ол.

Раҳимжонов бир қўлини кўксига қўйиб, Обидовичнинг қўлидан картошкани олди.

Обидович йигитга ачиниш билан қаради. Жуда раҳми келди унга. Картошкага туз сепаётиб, кўнглига: Болалар Укаларимга қарайман, деб бу ҳали ўқишни ташлаб кетмасайди, деган гап келди. Ҳозир бор гапни айтмоқчи, кеча штабдан олиб келган телеграммани кўрсатмоқчи бўлди. Ҳозир айтсам. Бу ҳали бола бўлса. Бирдан миясига таъсир қилса кейин нима бўлади? У ўйлаб-ўйлаб, бу гапни ҳозир айтмасликка қарор қилди. Яна ўйлаб ўтириб, умуман, айтмайман, деган хулосага келди. Шунда Обидович онаси бечорани эслаб, кўнгли бузилиб кетди. Ўрнидан кескин туриб, сигарета чека бошлади. Кичкина кўк автобусга ишора қилиб, бирор иш буюрилишини кутиб турган Раҳимжоновга:

 Этакларни қолдириб, машинага чиқ. Бир жойга бориб келасан, деди.

Раҳимжонов, Обидович кутгандан ҳам эртароқ автобусга чиқди. Иккалови ёнма-ён ўртароқдаги ўриндиққа ўтирди. Обидович автобуснинг очиқ деразасига тирсагини қўйиб, йўл четидаги пахтазорга қараб кетди. Ўзини қанча бошқа фикрлар билан овутмасин, барибир онаси кўз олдидан кетмади Обидовичнинг томоғига бир нарса тиқилгандек бўлди, қириниб йўталди, кўзларига ёш келганини билмай қолди.

Киссасидан рўмолчасини олиб, шунчаки юзларини артаётган кишидай кўз ёшларини артди.

Район марказидаги автобус бекатига тушдилар. Раҳимжонов устма-уст сигарета чекаётган Обидовичга эргашиб кетаверди. Шаҳарга борадиган автобусни суриштирдилар: яна икки соатдан кейин келар экан. Улар бир четдаги узун ўтирғичга ўтирдилар. Обидович айтмасликнинг ҳеч иложини тополмади. Охири айтишга мажбур бўлди:

 Ука, бу дунё шунақа бевафо экан, деди у хўрсиниб. Бироқ сўзини давом эттирмай, хотиржамлик билан ўчиб қолган сигаретасини яна ёндирди. Жуда сийраклашиб қолган сочларини орқага силаб, гапини давом эттирди: Ука, дунё бевафо экан. Онамиз бечорани эсласам, юрак-бағрим эзилиб кетади. Аммо одам бўлиш фақат онага боғлиқ эмас экан. Бир шоирнинг гапи бор-ку, она бўла қолгин менга, табиат, дейди. Шундайин, мана, онасиз ўсдик. Замон, табиатнинг ўзи тарбиялади. Табиат бизга она бўлди. Кеча де, Раҳимжонов деган фамилияга бир телеграмма келди. Сенгами, бошқагами, аниқ эмас. Ҳар ҳолда, сенга бўлмаса керак, чунки телеграммада исминг йўқ. Иккинчидан, мехматда ҳам шунақа бола бор экан. Чамаси, ўшанга бўлса керак телеграмма. У болани уйига юбордик. Ҳар ҳолда, сен ҳам уйингга бир бориб кел-чи Ишонаманки, сенга эмас бу телеграмма.

Обидович ён чўнтагидан телеграммани олиб унга узатди. Сўнг, гўё осмонга қараб сигарета чекаётгандай, кўз остидан Раҳимжоновни кузатди. Раҳимжонов телеграммадаги, тез етиб кел онанг вафот этди, деган сўзларга анграйиб қараб турди. Кўзлари пирпираб, ерда тўнтарилиб, ўзини ўзини ўнглолмай, жажжи оёқларини қимирлатаётган чумолига тикилганича ўйлаб қолди. Шу ҳолича сўзсиз, узоқ ўтирди. Ҳалиям кузатиб ўтирган Обидович: Шаҳарлик болалар енгилтабиат бўларди. Бу жуда иродали экан, кўзларидан ақалли бир томчи ёш чиқмади-я, деб ўйлади. Обидович, Раҳимжоновнинг сочларини силаб:

 Хўп, хайр, яхши етиб боргин деди.

Автобус томонга кетаётиб, орқасига бир қайрилиб қаради-да, яна қайтиб келди.

 Нима, Раҳимжонов ука, буёқдаги нарсаларингдан ташвишланмасангам бўлади. Курсдошларингга тайинлаб қўяман, хўпми? деди бошини ирғаб ва бутунлай кетди.

Автобус кетди. Раҳимжонов курсдошлари пахта тераётган олис далаларга кетаётган автобуснинг орқа ойнасидан унга ғамгин термулиб ўтирган Обидовичга қаради. Автобус кўринмай кетгандан кейин ўрнидан туриб, касса атрофини узун таёққа супургини боғлаб, чанг чиқармаслик учун авайлаб супураётган чолдан, шаҳарга қандай қилиб телефон қилишни сўради. Чол супуришдан тўхтаб, оғзидаги носини тўда-қўқим ичига туфлаб, шаҳар телеграфининг қаердалигини узоқ тушунтирди. Раҳимжонов чол айтган телеграфни излаб топди. Телеграммани кўрсатиб, отасининг иш жойидаги телефон рақамларини айтди. Икки қулоғига ҳам телефон трубкасини тутиб турган лаблари қип-қизил қизга нажот истаб, ёлворувчи оҳангда бош эгиб, қараб турди. Қиз бу йигитнинг руҳиятига тушунди. Тезда унга айтган рақамларини олиб бериб, иккинчи хонага кириб, трубкани олди:

 Ада? Сизмисиз? Ман, Акромжонман. А? Ҳа келди. Жа-а, ваҳима қилиб ёзибсиз, касал десайиз ҳам бўливурарди. А? Ҳа, машина юборинг. Самарқанд автостанцияси бор-ку, ўшатга келиб турсин. Хўп, хайр, хўп

Раҳимжонов телеграфдан чиқиб, буфетга қараб юрди. Буфетдан тамадди қилиб чиққанда оқшом туша бошлаган, жафокаш деҳқон кузининг олтин бир куни тугаётган эди

1967 йил.

КУ-КУ-КУ

I

У жуда ориқ, ўзи сариқ бўлгани учун сийраклашиб қолган сочлариям сарғиш. Қачонлардир яхшигина шеърлар ёзиб, энди расмий ишлар гирдобига тушиб, назмий туйғулари сўниб қолган. Сал энгашиб, оҳиста-оҳиста, нималарнидир ўйлаб, хафақон касали билан оғриб юради. Хафақон касалига йўлиққандан буён ичмайди, чекмайди. Сўзлаганда овози оғир касалларникидай нимжон, хаста чиқиб, диққат қилмаган одам яқинида бўлсаям эшитмайди. Кулганда тишлари кўринмаслиги учун лабларини лабларига шундай қаттиқ босадики, қўй кўзлари юмилай-юмилай деб, юзлари қизариб кетади

У журналларга обуна бўлишни яхши кўради. Ҳар йили кўплаб хорижий ва ўзимизнинг журналларга обуна бўлади. Уйида журналлардаги расмларни, Рембрандт, Рафаель, Боттичеллининг нодир асарларини томоша қилиб ўтиради. У яна қушлар, уларнинг сайрашиниям яхши кўради. Ишлаб чарчаганида ўзи директор ўринбосари бўлиб ишлаётган шаҳар истироҳат боғининг хилват жойига ўтириб, Шишкиннинг расмларини томоша қилади, қушларнинг сайрашини кутади. Айниқса, Шишкиннинг Буғдойзорига узоқ тикилиб қолади. У ўзича икки тоифадаги одамларга ачинади. Бири Шишкиннинг расмлари олдидан бепарво ўтган одамга, иккинчиси қушлар сайраётганда сўзлашган одамга. Шу одамларни тўхтатиб, дегиси келади:

Биродар, тўхтанг, кўраяпсизми Шишкиннинг қайинларини: ҳаёт гўзал, шунақа

Биродар, эшитаяпсизми, тоғ чумчуғи сайраяпти. Бу оҳангни Бетховен ҳам билмаса керак. Афсус, бу оҳангларнинг номи йўқ. Эшитинг, қушларни эшитинг

Шу пайт дарахт шохларида қўниб турган қушларнинг турли нағмадаги сайрашлари эшитилади. У Муножотни тинглаётгандай бошини маъюс эгиб, эшитади. Юзларига табассум югуради. Ўрнидан туриб, қўлларини кўксига қўяди-да, қушларга таъзим қилади:

Ваша оценка очень важна

0
Шрифт
Фон

Помогите Вашим друзьям узнать о библиотеке

Скачать книгу

Если нет возможности читать онлайн, скачайте книгу файлом для электронной книжки и читайте офлайн.

fb2.zip txt txt.zip rtf.zip a4.pdf a6.pdf mobi.prc epub ios.epub fb3